Мерсиннинг Эрдемли туманида Рим ва Византия даври изларини ўзида акс эттирган Elaiussa Sebaste антик шаҳридаги некрополни туризм ҳудудига айлантириш учун лойиҳани режалаштириш бошланди.
Мазкур лойиҳа ва археологик тадқиқотлар, Маданият ва Туризм Вазирлиги ташаббуси билан Кастамону университети ижтимоий-гуманитар фанлар факультетининг Археология бўлими факультет аъзоси Асена Кизиларсланоғлу бошчилигидаги 15 кишилик гуруҳ томонидан амалга оширилади.
Қадимий шаҳардаги амалиётлар туризмга очилиши кўзда тутилган шимолий қисми — Рим йўлида жойлашган некрополда амалга оширилмоқда.
Кизиларсланоғлу журналистларга берган маълумотига кўра, некропол Киликия минтақасидаги энг катта оммавий мозорлардан биридир.
Рим даврида қурилган некрополнинг сўнгги Византия даврида ҳам қўлланилганлигини ифода этган Кизиларсланоғлу, «Турли хил типдаги қабрларни ўз ичига олган некрополни туризмга очиш учун атроф-муҳитни тартибга солиш бошланди. Ҳозирда лойиҳани режалаштириш босқичидамиз ва дастлабки тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда” – деди.
«Туризм учун очилганда катта эътиборга эга бўлади»
Кизиларсланоғлу, омборлардаги археологик топилмаларнинг қайта тиклаш ва ҳужжатлаштириш ишлари давом этаётганини қуйидагича билдирди:
“Некропол одатда оммавий оилавий қабр сифатида ишлатилган. Улар оила аъзолари дафн этилган камерали қабрлар бўлган, деб тахмин қилинади. Якка тартибда дафн этилган саркофагилар ҳам бор. Ҳозирги кунгача аксар қабрлар сақланиб қолган. Турли хил типологияга эга кўплаб қабрларни ўз ичига олгани туфайли бу ҳудуд сайёҳлик учун очилганда оммага катта қизиқиш уйғотади ва минтақани танитишда муҳим ўрин тутади. Ушбу туризм ҳудудига ташриф буюрган сайёҳларга шаҳарнинг не чоғлик кенглиги, иқтисодиёти ва аҳолисининг турмуш тарзи билан таништириш имкониятига эга бўламиз”.
Кизиларсланоғлу, некропол учун тайёрланган лойиҳа Маданият ва Туризм Вазирлигига тақдим этилишини ва Elaiussa Sebaste қадимий шаҳридаги мавсумий ишлар 10 октябргача давом этишини таъкидлади.