Эртага, 23 сентябрь куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ХIХ ёзги Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Хабар берганимиздек, кеча мазкур комплекс мусобақаларда иштирок этиш учун мамлакатимиз спорт делегацияси Хитойга йўл олди.
40 та спорт турининг 61 та йўналишида кечадиган мусобақаларнинг ҳар жиҳатдан юқори даражада ўтиши, баҳсларнинг спорт қонун-қоидалари асосида ташкил этилиши учун халқаро спорт ташкилотлари, қитъа спорт федерациялари, Осиё олимпия кенгаши томонидан юзлаб ҳакамлар, спорт турлари мутасаддилари, шифокорлар, экспертлар гуруҳи баҳсларни бошқариб боришда, техник томонларини назорат қилишга жалб этилган.
Эътиборли жиҳати, Осиё олимпия кенгаши, “Ханчжоу-2022” ташкилий қўмитаси ҳамда халқаро спорт ташкилотлари қарорига асосан 40 та спорт турининг бир нечтасида ўзбекистонлик 25 нафар тажрибали ҳакамлар, спорт мутахассислари фаолият кўрсатиши белгиланган.
Осиё ўйинларининг оғир атлетика мусобақаларини ўтказиш қўмитаси раиси этиб Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, мамлакатимиз оғир атлетика федерацияси раиси ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, бадиий гимнастика мусобақаларини ўтказиш қўмитасига Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси ўринбосари Гўзал Мўминова раҳбар сифатида фаолият кўрсатиши мамлакатимизнинг халқаро спорт обрў-эътибори йилдан-йилга юксалаётганидан далолат.
Шунингдек, “Ханчжоу-2022” медаллари учун беллашувлар кечадиган спорт курашларида Ғайратилло Абдуллаев ва Тўймурод Азизов, таэквондода Димитрий Ким, дзюдода Рамзиддин Саидов, қиличбозликда Дилором Турдиқулова, енгил атлетикада Андрей Абдувалиев, гимнастикада Равшанбек Мирзаев, Стелла Кашекина, Тимур Абдувалиев, байдарка ва каноэда Исмоил Эгамбердиев, теннисда Александр Багдасаров, Руслан Турсунов, Дмитрий Дуранидис, Евгения Ведушина, ушуда Дилшод Бозоров, каратэда Азиз Бўриев, курашда Иброҳим Каримов, Манзура Турсунова, Нукусбой Дониёров, шахматда Ҳасан Турдиалиев, оғир атлетикада Акром Низомиддинов, Зуҳра Абдуллаева, синхрон сузишда Алина Пионтовская, Элмира Файзуллаева, сувга сакрашда Бобур Ҳасанов ҳакам сифатида беллашувларни бошқариб боради.
МАНБА:ЎзА