Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлийев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази 2023-йилнинг яна бир муҳим воқеаси – Шуша шаҳрининг туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда Шушага бағишланган махсус эсдалик почта маркасини чиқариш лойиҳасини амалга оширди.
Ўзбекистоннинг тегишли давлат идоралари томонидан “Озарбайжоннинг қадимий Шуша шаҳри Туркий дунёнинг маданият пойтахти” номли почта маркасини чиқариш лойиҳаси қўллаб-қувватланди ва почта маркасини Ўзбекистон Марказий почта бўлими томонидан ички ва халқаро муомалага чиқариш режалаштирилган.
Махсус ишлаб чиқилган почта маркасида Шуша қалъаси, Озарбайжон байроғи тасвири, Қорабоғнинг мафтункор табиати – Шуша, туманга бурканган маҳобатли тоғлар, жаҳонга машҳур мутафаккирлар, шоирлар, Шушалик таниқли инсонлар, вилоят ва шаҳарга тоғлардек обрў ва шон-шуҳрат келтирган, миллий маданиятни акс эттирувчи зарблар, миллий чолғу асбоблари (гавал, тор, камон), шунингдек, “Харибулбул” гулининг расмий қиёфаси ўз аксини топган.
Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлийев номидаги Озарбайжон Маданият Марказидан олинган маълумотларга кўра, Шуша шаҳри ТУРКСОЙ томонидан Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан Халқаро Турк маданияти ва мероси жамғармаси кўмагида Ўзбекистонда Шуша кунлари тадбирлари ўтказилди ва икки давлат Маданият вазирликларида бошқармалар ташкил этилди, Википедияда Шуша ҳақида ўзбек тилида бўлимлар яратилди, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларининг Қорабоғ-Шушага медиа-саёҳатлари уюштирилди ва тез орада шаҳар ҳақида бир қанча етакчи тилларда қомусий нашр чоп этилади.
Мазкур маълумотларда қайд этилган лойиҳалар йил охиригача давом этиши таъкидланган. Қайд этиш жоизки, “Озарбайжоннинг қадимий Шуша шаҳри – Туркий дунёнинг маданий пойтахти” номли почта маркаси Ўзбекистон ва Озарбайжон музейларига, икки республиканинг давлат ва ҳукумат вакилларига юборилади, шунингдек, почта маркаларини тақдим этиш маросимлари Тошкент ва Бокуда бўлиб ўтади.