Кимё – моддаларнинг тузилиши ва ўзгаришини ўрганадиган фан. Инсондан кучли сабр-тоқат ҳамда изланишни талаб қиладиган кимё фанига қизиққан ўқувчилар талайгина. Уларнинг кўплари нуфузли халқаро танловларда иштирок этиб, муносиб ўринларни қўлга киритмоқда деб хабар бермоақда Uz.A.
Куни кеча нуфузли халқаро фан олимпиадасига саралашнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида бўлиб ўтган саралаш босқичида ўқувчиларнинг назарий ва амалий билимлари халқаро фан олимпиадалари талаблари асосида синовдан ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра, 4 нафар иқтидорли ўқувчи: Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактабининг 11-синф ўқувчилари Азизбек Назаров ҳамда Шаҳзода Ҳакимова, Учтепа туманидаги 81-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Маҳмудов, Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Соҳибжон Дилмуродов 55-Халқаро кимё олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мазкур нуфузли халқаро фан олимпиадаси жорий йилнинг 16-25 июль кунлари Швейцария давлатида бўлиб ўтади