Бундан роппа-роса 111 йил аввал “Титаник” кемаси ҳалокатга учраган эди. Ушбу ҳодиса тарихдаги энг йирик фожиалардан бирига айланди ва минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди. Бугун машҳур кема ҳақидаги кўпчилик билмаган маълумотларни сиз билан бўлишамиз.
– “Титаник” қурилган вақтда дунёдаги энг катта кема эди. Унинг қурилиш ишлари учун 26 ой вақт сарф этилган ва 1911-йилда тайёр ҳолатга келтирилган. Кеманинг умумий оғирлиги 26 минг тоннани ташкил қиларди. Aсосий лангарнинг оғирлиги эса 16 тоннага тенг бўлган.
– Лайнернинг узунлиги 269 метр, эни эса 28 метрдан ошган. Бу кўрсаткич 11 қаватли бино баландилигига тенг келарди. Унинг бунчалар баланд ва катта қилиб қурилишига “White Star Line” ва “Cunard Line” компаниялари раҳбарлари орасидаги ўзаро рақобат сабаб бўлган.
– “Титаник” кемасининг сув сиғими 46 300 тоннани ташкил қиларди. Муҳандислар лайнернинг сувда чўкмаслигига қаттиқ ишонишарди. Кеманинг пастки қисми икки қаватли қопламага эга бўлиб, 16 та сув ўтказмайдиган тўсиқ билан жиҳозланганди. Aммо, улар айсбергнинг қанчалар кучли зарба бера олиши мумкинлигини аввалдан билишмаган.
– Лайнер ҳалокатга учраган вақтда кема бортида ўша даврнинг машҳур одамлари ҳам бўлган. Улардан бири миллионер Маргарет Браун эди. У 5 та тилда сўзлаша оларди. Кема айсбергга урилгандан сўнг Браун хоним одамларни қайиқларга жойлаштиришда фаол иштирок этган, ўзи эса кемани тарк этишга шошилмаган. Охир-оқибатда уни куч билан қутқарув қайиқларидан бирига ўтказиб қўйишган. Очиқ денгизда “Карпатия” кемасига етиб олган Маргарет шу заҳотиёқ жабрланганлар учун иссиқ чойшаблар, озиқ-овқат излашга тушиб келган, омон қолганларнинг рўйхатини тузиб чиққан.
– “Титаник” ҳалокатига сабаб бўлган қора айсбергнинг сурати орадан 90 йил ўтиб топилган. Ҳалокатдан кўп ўтмай, Стефан Регорек исмли эркак бошқа бир лайнерда сузиб кета туриб ҳалокат жойи ва айсбергни суратга олган. Ўтказилган экспертиза жараёнидан кейин айсберг юзасидаги ўйиқлар унинг “Титаник” билан тўқнашуви натижасида пайдо бўлгани аниқланган. Бундан келиб чиқадики, ушбу тўқнашувдан айсберг ҳам зарар кўрган.
Жеймс Кемерон томонидан суратга олинган филмнинг бош қаҳрамони – Жек Доусон ҳаётда ҳам бўлган. Жек Доусон кемада қўрачи бўлиб ишлаган. У дўстининг синглисига ошиқ бўлган. Жек Доусонни айнан мана шу дўсти денгизчи бўлишга кўндирган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам кема айсбергга урилган вақтда ҳалок бўлганлар.
– “Титаник” ҳалокатидан омон қолган охирги йўловчи 2009-йилда 97 ёшида вафот этган. Ҳалокат вақтида у бор-йўғи 2,5 ойлик бўлган.