Кеча тунда Афғонистон ҳудудида кучли ер силкиниши кузатилган ва бу Ўзбекистонда ҳам яхшигина сезилган эди. Эпицентрга яқин Сурхондарё вилоятида 6, Тошкентда эса 5 баллик шкалада зилзила қайд этилганди. Ушбу ер қимирлаши Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида ҳам сезилган. Бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати ташкилотчилари зудлик билан иштирокчиларни меҳмонхонадан эвакуация қилишган.
Бу ҳақда Россия бокс федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда. Кейинчалик таҳликали вазият ортда қолгач, боксчилар яна ўз хоналарига қайтишган. Нью-Делида зилзила кучи қанча бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 26 мартга қадар давом этадиган ва 12 вазнда чемпионлар аниқланадиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этяпти.