Истеъдодли ёш шахматчиларимиз Умида Омонова ва Ҳумоюн Бекмуродовнинг халқаро мусобақалардаги иштироки бундан буён режа асосида таъминланади.Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, «BMB Trade Group» компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов қатнашган тадбирда таъкидланди.
Анжуман давомида айтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 27 нафар гроссмейстер фаолият юритмоқда. Улар сафи йилдан-йилга ортиб бораётганлиги сир эмас. Бунда албатта, шахматчиларимизнинг халқаро мусобақаларда тизимли тарзда иштирок этаётганлиги, муносиб натижаларга эришаётганлиги сабаб бўлмоқда.
Маҳоратли шахматчиларимиз ортидан келаётган ёшларимиз Умида Омонова ва Ҳумоюн Бекмуродов ўтган йил декабрь ойининг сўнгги кунларида Алматида ўтган Жаҳон чемпионатида гарчи гроссмейстер бўлмаса-да, дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари билан тенгма-тенг баҳс олиб борди. Умида йил якунига кўра, жаҳоннинг энг кучли шахматчилар рейтингида 65-поғонадан жой олганлиги, Ҳумоюн ёш бўлишига қарамасдан муносиб қатнашганлигини айтган ҳолда улар яқин 3-4 йил ичида жаҳоннинг топ шахматчилари қаторидан ўрин олишига эришиши эҳтимолдан йироқ эмас. Зотан, қўллаб-қувватлаш, руҳий далда якунда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Бу, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов фаолиятида ёрқин акс этаётгани, уларнинг 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасидаги тарихий ғалабасида ўз исботини топганлигини дунё кўрди.
Шундай экан, мамлакатимизда шахматга, шахматчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга берилаётган алоҳида эътибор янги муваффақиятларга йўл очиши тайиндир.