«Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ қўшма корхонасида махсус чиқинди ташиш техникаларини ҳудудий санитар тозалаш корхоналарига топшириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тантанали тадбирдан аввал заводнинг анжуманлар саройида Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан «Санитар тозалаш корхоналари учун замонавий техникалар, янги имкониятлар» мавзусида ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Жамшид Ишчанов ўз чиқишида мамлакатимизда Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳаси қандай амалга оширилаётганлиги ва бу жараёнда «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ ҚК иштироги ҳақида сўз юритди.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа доирасида 300 та 12 м3 ҳажмли чиқинди ташиш техникасини харид қилиш бўйича халқаро тендер эълон қилинган бўлиб, унда «СамАвто» корхонаси ғолиб деб топилган эди. Тендер шарти бўйича, ана шу махсус машиналарнинг 144 таси 2022 йилда, қолган 156 таси келгуси йилда етказиб берилиши керак эди. Лойиҳанинг умимий қиймати 24 млн долларни ташкил этади.
Шу кунга қадар 50 та махсус чиқинди ташиш техникаси ҳудудий санитар тозалаш корхоналарига етказиб берилган. “Бугун сиз, семинар иштирокчилари, Самарқанд вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига 15 та ана шундай машинани топширилишига гувоҳ бўласиз”, – деди Ж.Ишчанов.


Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров санитар тозалаш ишларини тўласинча олиб бориш учун махсус техника танқислиги туфайли бу иш туман марказлари доирасида билан чекланиб қолаётганлигини уқтирар экан, барча “Тоза ҳудуд” ДУКлар керакли воситалар билан жиҳозланиши соҳада туб ўзгаришларга олиб келишини таъкидлади.
“Корхоналардаги мавжуд 160 та махсус машина қаторига яна янги замонавий техника воситаларининг қўшилишидан мамнунмиз. Биз кўпдан бери бундай техникага муҳтожлик сезаётган эдик. Яна бир ижобий томони шундаки, вилоятимиз бўйлаб ушбу техникага сервис хизмати кўрсатадиган марказлар ҳам очилади”, – деди жумладан А.Шукуров.
“СамАвто” корхонасининг савдо ва сервис департаменти бошлиғи Акмал Саидаҳмедов айни кунларда “Тоза ҳудуд” ДУК ихтиёридаги техника воситаларининг 70 фоизи ушбу заводда ишлаб чиқарилаётганлигини қайд этди. Улар маҳаллий шароитга мослиги билан ажралиб туради. Бунга изоҳ бераркан, нотиқ биздаги маиший чиқиндилар таркибида қаттиқ жисмлар кўплиги сабаб, ҳар қанча замонавий бўлмасин, “нозик машиналар” дош бера олмаслигини уқтирди. Унинг сўзларига қараганда, завод томонидан мамлакат бўйлаб 33 та сервис маркази очилар экан.
Самарқанд вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ҳиммат Оқбўтаев лойиҳа иштирокчиларини уни муваффақият билан бошлаганликлари билан табриклади. “Тоза ҳудуд” ДУК янги техника воситалари билан жиҳозланиши туфайли туманлардаги маҳаллалар, кўчаю майдонларда тозаликни сақлаш ишлари яхшиланади ва бу аҳоли кайфиятига ижобий таъсир қилади деб ишонч билдирди.


Семинар охирида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Самарқанд автомобиль заводи” ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида меморандум имзоланди. Ҳужжат бундан кейин “СамАвто”да ишлаб чиқарилаётган чиқинди ташиш техникаларига ушбу завод ва унинг жойлардаги дилерлик ва сервис пунктлари орқали техник хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган.
Семинардан сўнг унинг иштирокчилари “СамАвто” корхонасининг ишлаб чиқариш жараёни билан таништирилди. Бизга корхонанинг Маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Маъруф Эгамбердиев ҳамроҳлик қилди. Танишув давомида биз завод ҳақида дейрли ҳеч нарса билмаслигимиз маълум бўлди.


Майли, заводда икки сменада 1430 нафар ишчи ишлашини, заводда 7 та цех мавжудлигини, тайёр маҳсулот харидорга етиб боргунча уч босқичли назорат (ОТК)дан ўтиши каби маълумотлардан бехабар бўлсак, ҳеч нарса қилмас. Аммо ўзимиздаги автомобиль заводида 47 хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши, улар орасида автобуслардан ташқари турли русмдаги юк автомобиллари, ёқилғи ташийдиган, сув ташийдиган, кўчаларга сув сепадиган, кўчаларни супурадиган, нон ташийдиган машиналар, тез тиббий ёрдам ва ўт ўчириш ва бошва махсус машиналар ишлаб чиқарилаётганлигидан бехабарлигимиз уят-да!


Заводда, шунингдек, «ISUZU D-Max» русумидаги пикап, яъни 3-5 кишига мўлжалланган кабинали, орқа томони юк ортишга мўлжалланган машиналар ҳам чиқарилар экан.
М. Эгамбердиевдан корхонада маҳаллийлаштириш даражасини сўраганимизда, у бу кўрсатгич турли маҳсулотларда ҳар хил – 23 фоиздан 47 фоизгача, ўртача 32-33 фоиз эканлигини уқтирди.
Тадбир охирида 15 та янги махсус автомашина ҳудудий санитар тозалаш корхоналарига топширилди.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Муаллиф туширган суратлар