Ўзбекистон енгил саноати, хусусан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоқлари миллий иқтисодиётнинг таянчи ҳисобланади. Соҳа, айниқса, сўнгги йилларда шиддат билан ривожланишни бошлади. Ҳукуматнинг алоҳида эътибори ва қўллаб-қувватлашига сазовор бўлди. Лекин ечимини кутаётган муаммолари ҳам талайгина. Уларнинг энг долзарби — кадрлар қўнимсизлиги ва малакали мутахассислар етишмовчилигидир. Кадрлар етишмовчилиги ниҳоятда долзарб масалага айланган. Масалан, енгил саноатнинг ўзи камида 50 минг мутахассисга эҳтиёжманд. Албатта, бу рақам қурилиш (100.000), металлургия (70.000), хизмат кўрсатиш соҳаси (67.000) кўрсаткичларидан паст, лекин барибир тақчиллик кўлами баланд.
Юзаки қараганда, вазият енгиллашаётгандек. Мисол учун, 2017-2020 йилларда тўқимачилик саноатида банд бўлганлар сони 36,0 минг кишига ошган бўлса, тикувчилик соҳаси 28,1 минг кишига бойиган. Лекин кадрлар қўнимсизлиги, турли сабабларга кўра ишдан бўшаб кетаётганлар салмоғи ҳам юқорилигича қолмоқда.
Меҳнат бозоридан эса тўқимачилик саноати талабларига жавоб берадиган тайёр мутахассисни топиш амримаҳол. Соҳага иш тажрибаси йўқ ёшларни жалб қилиш эса унданда мураккаб вазифа. Зеро, олимлар, корхона раҳбарларининг таъкидлашича, ёшларнинг ишчи касби, ишлаб чиқариш тармоқларига бўлган иштиёқи сўнгги йилларда сусайган. Бу нафақат, Ўзбекистон, балки бутун дунёда кузатилаётган ҳолатдир. Энг ачинарлиси, тўқимачилик соҳаси бўйича таълим олганларнинг муайян қисми ҳам мутахассислиги бўйича ишламай, бахтини бошқа касблардан излашяпти.
«Сен бўлмасанг-бошқаси» тамойили тўқимачилик саноати учун қадрсиз нақл. Барча касбларга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтмоқчиманки, тўқимачилик саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш бошқа соҳалардан фарқ қилади.
Айтайлик, сартарош, ошпаз, борингки, компьютер устаси, хатто дастурчини тарбиялаш ҳам енгил саноат учун мутахассис тайёрлашдек қимматга тушмайди. Масалан, сартарошнинг барча иш қуроллари битта жомадонга сиғади, ошпаз учун қозон-капгир ва масаллиқ ҳар жойда топилади. Дастурчи учун ноутбук ҳам кифоя. Тўқимачилик саноатида ёш, бошловчи мутахассисга амалий кўникмалар олиши учун бир неча ўн миллион доллар турадиган нозик дастгоҳлар ишониб топширилади. Мустақил ишлашга эндигина ўрганган мутахассиснинг қўнимсизлиги эса бу жараённи яна бошидан бошлашга мажбур қилади.
Кўп йиллик иш тажрибамдан маълумки, тўқимачилик корхоналари истеъдодли, иштиёқи баланд ёш мутахассисни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, керак бўлса, унинг ҳам ўқиши, ҳам ишлаши учун зарур шароитни яратиб беришни тайёр. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, кадрлар тайёрлаш тизими тўқимачилик саноатининг реал эҳтиёжларига жавоб бермайди, таълимнинг инновацион йўналишларини жорий этиш суст, илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш борасида халқаро ҳамкорлик ислоҳга муҳтож.
Кадрлар етишмовчилиги ва қўнимсизлигида айбдор қидириш мантиқсизликдир. Чунки шу соҳага дахлдор ҳар бир томоннинг ўзига яраша камчиликлари бор. Масалан, айрим ишлаб чиқариш корхоналарининг узоқ муддатли стратегик режаси йўқлиги кадрлар заҳирасини шакллантиришга имкон бермайди. Бошқалари эса рақобатдош жамоаларнинг етук мутахассисларини кўпроқ маош, баландроқ лавозим, янада қулай иш шароити ваъда қилиб, ўзига оғдириб олиш йўлини танлаган (бу масалада уларни айблашдан йироқмиз; бозор муносабатларининг таркибий қисми сифатида таъкидлаб ўтдик холос).
Баъзи корхоналарда эса кадрларга ёлланма ишчи-ходим сифатидагина қаралади. Улар корхона қадриятлари, ўз олдига қўйган мақсад-вазифаларидан бехабар. Ишга келишади, белгиланган иш соатларини ўташади ва кейинги сменагача «бой уруғининг тўйига келиб, бир четда қисиниб ўтирадиган, қўли калта қариндош» мақомига тушиб қолишади. Корхоналар ишчи-ходимларни бошқарув жараёнига фаол жалб қилишлари керак. Токим, улар ўзларини жамоанинг ажралмас бўлаги сифатида тасаввур қилсинлар. Корхона муваффақияти ўзларининг ҳам фаровонлиги пойдевори эканини англасинлар.
Ишчи-ходимларини корхона фаолиятига изчил жалб қилган корхонада кадрлар қўнимсизлиги камаяди, соҳага янги ва ғайратли авлод кириб келишини таъминлайди, корхона ва жамоа ўртасида самарали ва ишонч асосига қурилган илиқ муносабатларни шакллантиришга ёрдам беради. Корхона ҳам, ишчи-ходимлар ҳам келажакка ишонч билан қарашга ўрганадилар.
Тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлашда, тан олиш керакки, юкнинг оғири таълим тизими зиммасида. Чунки соҳа дунё бўйича шиддат билан ривожланяпти. Кун сайин янгидан янги технологиялар, замонавий талаблар туғиляпти. Бугун чиқарилган дарслик яроқлик муддати ўтмай туриб, маънан эскиришга улгуряпти. Қолаверса, таълим тизими янгича фикрлайдиган, салоҳиятли кадрларга муҳтож саноатнинг мутахассисларга бўлган ўзгарувчан талабларига тезкорлик билан мослашиб боришга мажбур. Йўқса, дипломли, лекин меҳнат бозорида ҳеч кимга керак бўлмаган мутахассислар сони ортиб бораверади.
Олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари бу борада улкан ишларни амалга оширишяпти. Ўқув дастурлари мунтазам қайта кўриб чиқиляпти, ёшлар илмий-тадқиқот жараёнига жалб қилиняпти, халқаро ҳамкорлик фаоллашяпти. Кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, ўқитувчи-профессорларнинг касбий малака ва кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ишлаб чиқариш корхоналари билан узвий ҳамкорлик қилиняпти. Таълим тизимида талабаларнинг амалий машғулотлари ҳажми мунтазам кўпайтириб бориляпти.
Соҳанинг асосий олий таълим муассасаси – Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти кадрлар етишмаслиги ортидан корхоналарнинг мутахассисларни хориждан таклиф қилишга мужбур бўлаётганини жуда яхши англаб турибди. Шу сабабли ҳам, Савдо-саноат палатаси, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда дуал таълим тизимини йўлга қўйиш борасида изчил иш олиб боряпти. Бу эса талабаларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида амалий малака ва кўникмалар орттириши ҳамда олий ўқув юртини тайёр мутахассис сифатида якунлашига эришиш устивор мақсадга айланишини англатади.
Афсуски, таълим муассасалари етказиб бераётган ёш, малакали кадрлар сони енгил саноат эҳтиёжини қоплаш учун етарли эмас. Бу жиддий муаммо. Уни ҳал қилиш учун эса енгил саноат корхоналарида меҳнат қилаётган, келажагини шу соҳа билан боғлаган оддий ишчи-ходимларнинг ишдан ажралмаган ҳолда ўрта-махсус, олий таълим олишлари учун имкониятларни янада ошириш керак. Уларга бу масалада имтиёз тақдим қилиш зарур. Ҳарқалай, бевосита ишлаб чиқаришдан келган талабанинг тўқимачилик соҳаси ривожига ҳисса қўйиши эҳтимоли юқорироқ.
Олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқиётган ёшларда ҳам «айб» бор. Масалан, корхонамизга ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун келган айрим талабаларнинг «Аввал дипломни қўлимга олай, кейин соҳам бўйича ишлашга жон-жаҳдим билан киришаман» каби ўйлар билан яшаши ажаблантиради. Улар «душанбадан, янги йилдан, келгуси ойнинг биринчи санасидан янгича ҳаёт бошлайман» деб ўзини алдаб юрадиган одамларга ўхшашади. Баъзилари эса амалиёт кундалигига имзо қўйдириб олишдангина манфаатдор.
Амалиёт талаба учун соҳага шаҳдам қадамлар билан кириб боришга имкон берадиган энг қулай шароитдир. Чунки ўзини ҳурмат қилган тўқимачилик корхонаси амалиётга келган талабаларни зимдан ва синчковлик билан кузатиб боради. Уларнинг энг иқтидорлиларини иш билан таъминлашни истайди. Салоҳиятли, кўзи ёниб турган талабанинг бир неча йилдан кейин оладиган дипломи корхона учун катта аҳамият касб этмайди. Тадбиркор раҳбарнинг «дарди» бошқа — у энг кучли, энг истеъдодли мутахассислар айнан ўзида ишлашини истайди.
Афсуски, олдида улкан имкониятлар эшиги очилаётганига қарамай, айрим талабалар малакасини оширишга бефарқ, ташаббускорлиги суст. Улар соҳага адашиб кириб келиб қолган одамлардек тасаввур уйғотишади. Шуниси ачинарли.
Назаримда, бу муаммони тўқимачилик корхоналари, таълим тизими вакилларининг умумтаълим мактаблари битирувчилари билан мулоқотларини кўпайтириш, улар учун махсус экскурсиялар уюштириш орқали бир қадар енгиллаштириш мумкин. Бундай русумдаги тадбирларни ўқувчиларнинг ўқитувчилари, ота-оналари ҳамроҳлигида уюштириш янада кўпроқ самара беради.
Соҳа вакилларининг енгил саноат тизимида меҳнат қилиш имкониятлари, унинг афзалликлари ҳақидаги ҳикоялари, ёшларнинг ишлаб чиқариш ёки таълим жараёни билан шу масканларнинг ўзида яқиндан танишишлари соҳага тасодифий одамларнинг кириб келишини камайтирган, кадрлар қўнимсизлигини бартараф қилишга муайян даражада ёрдам берган бўларди. Зеро, болаларни ёшлигиданоқ касб-ҳунарга ўргатиш жамиятнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Абу Носир Форобий айтганидек, » Касбга муҳаббат – бу ана шу соҳага шайдоликдир. Ошиқнинг маъшуқаси висолига етиш йўлидаги тоғдек улкан машаққатлари кўзига чумолидек заиф кўрингани каби, сизнинг танланган касбингизга шундай иштиёқ бўлиши керак». Биз ҳам тўқимачилик соҳасида ана шундай юраги ёниб турган, илмга чанқоқ, билим олишга иштиёқманд ишчи-ходим ва мутахассисларни кўришдан орзумандмиз.
Саидвали Хакимходжаев
«TURON TEX» МЧЖ директор ўринбосари