Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестициялар даромадлилиги ўрганилди.
Аҳоли учун турли инвестиция воситалари, жумладан, акциялар, облигациялар ёки пенсия фондлари каби имкониятларнинг чекланганлиги шароитида ривожланаётган мамлакатларда, айниқса уй-жой нархлари ошиб бораётган бир пайтда жамғармаларни уй-жойга инвестицияларга йўналтириш тенденцияси кузатилади.
Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда. Хусусан, жорий йил февралда пойтахтда кўп қаватли уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги ўртача 32,4%ни ташкил қилган бўлса, октябрда ушбу кўрсаткич 12,2%гача тушди. Ушбу кўрсаткич уй-жой жойлашган ҳудуд ва хоналар сонидан келиб чиқиб, бир биридан сезиларли даражада фарқланади:
1 хонали: Мирзо Улуғбек – 2,3% (февралда – 25,7%), Шайхонтоҳур – 17% (50%);
2 хонали: Сергели – 7,4% (19,4%), Шайхонтоҳур – 17,2% (59%);
3 хонали: Бектемир – 3,2% (33,7%), Юнусобод – 13,7% (48,7%);
4 хонали: Бектемир – 2% (37,9%), Юнусобод – 17% (39,8%).
Изоҳ: Уй-жойнинг инвестицион даромадлилиги уй-жой нархлари йиллик ўзгаришидан олинадиган даромад ҳамда уларни ижарага беришдан келадиган йиллик даромад йиғиндиси асосида ҳисобланди.
Уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган даромад. 2024-йил февралда пойтахтда уй-жой ва ижара нархлари нисбатан юқори бўлган ҳудуд – Шайхонтоҳур туманида уй-жой нархлари кўтарилиши ҳисобига кўрилиши мумкин бўлган фойда ўртача 35,8%ни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 5,5%гача тушди. Шунингдек, октябрда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад Миробод (23,2%дан 1,9%га) ва Яккасарой (16,1%дан 3,5%га) туманларида сезиларли даражада пасайган.
Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида уй-жой нархларининг ўсишдан деярли тўхташи ёки бироз арзонлашиши натижасида октябрь ойида мазкур ҳудудларда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромадлилик мос равишда 2,6% ва 2,4%ни ташкил этган (февраль ойида 24,6% ва 15%).
Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад. Жорий йил октябрда уй-жойлар ижарасидан олинадиган йиллик ўртача даромад Шайхонтоҳур туманида 10% (февралда 11,6%), Миробод туманида 9,8% (10,4%), Яккасарой туманида 9,5%ни (10,5%) ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ижара нархлари нисбатан арзонроқ бўлган туманлар – Сергелида 9,3% (8,4%), Учтепада 9,7% (8,6%), Чилонзорда 9,3% (9,3%) ва Олмазорда 9,1%ни (9,4%) ташкил этган. Ушбу рақамлар ижарадан келадиган ўртача даромад ўсиши секинлашганидан далолат беради. Таққослаш учун 2023-йил январдан 2024-йил сентябргача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 21%ни ташкил этган.
Даромадлилик даражаси бўйича 1 ва 2 хонали хонадонларнинг инвестицион жозибадорлиги юқори ҳисобланади. Жорий йил февраль ойида 1 ва 2 хонали хонадонларга йўналтирилган инвестициялар даромадлилиги мос равишда 35,6% ва 30,8%ни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткичлар 16,7% ва 12,2%га тушди. Мазкур даврда 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи сезиларли даражада тушган (мос равишда 10,1% (февралда 33%) ва 9,9% (30,3%)).
Ривожланаётган давлатларда аҳоли жамғармаларининг уй-жойга йўналтирилиши қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ошириши мумкин. Аммо, узоқ муддатда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун диверсификацияланган инвестиция имкониятларини тақдим этиш муҳимдир. Шу йўл билан аҳоли жамғармалари нафақат сақланиши, балки миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция қилиб, янада кенгроқ ривожланиш имконини беради.
Таҳлилда фойдаланилган маълумотлар olx.uz платформасидан веб-скрейпинг (web-scraping) орқали олинган бўлиб, бунда ижара нархи учун 740 мингга ва сотув нархи учун 1,500 мингга яқин маълумотлардан фойдаланилди.