Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари Ўзбекистон ҳудудлари бўйича ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ривожланишининг рейтингини тузди.
Ҳудудларда яратилган шароитлар рақамли иқтисодиётнинг инклюзивлигини таъминлаш учун жуда муҳим. «Рақамли имкониятлар» нафақат марказда, балки вилоятларда ҳам мавжуд бўлишини таъминлаш учун ушбу имкониятлар кўлами ва динамикасини кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Рақамлаштириш одамлар ва товарларнинг бир жойдан иккинчи жойга етказилиши учун кетадаган харажатларни камайтириши мумкин. Бу эса ишчилар ва корхоналар учун жойлашувнинг аҳамиятини камайтиради. Натижада, минтақалардаги технологик тараққиёт хизматлардан фойдаланиш сифати ва имкониятларини яхшилаши, фуқароларнинг мамлакат ҳаётидаги жараёнлардаги иштирокини фаоллаштириши, тадбиркорлик ва маҳаллий меҳнат бозорларини ривожлантириши мумкин.
АКТ компаниялар ичида ахборотни бошқаришни яхшилашда кўмак беради. Улар транзакция харажатларини камайтириши ва бизнесдан бизнесга (B2B) ва бизнесдан истеъмолчига (B2C) операциялари учун транзакцияларнинг тезлиги ва ишончлилигини ошириши мумкин.
Япония қишлоқ жойларида иқтисодиётни ривожлантиришнинг муқобил сиёсати сифатида масофадан туриб ишлашни татбиқ этган етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Агар 2017-йилда Япония компанияларининг 13,9% и ўз ходимларига масофадан ишлашга рухсат берган бўлса, 2021-йилда бу кўрсаткич 51,9% га етди.
Шу билан бирга, когнитив кўникмаларни (саводхонлик, ҳисоблаш ва муаммоларни ҳал қилиш) бирлаштирадиган рақамли кўникмаларни ўргатиш учун сармоя киритиш ҳам муҳим. Касбий кўникмаларни ривожлантириш ҳали ҳам ўзаро боғлиқ бўлмаган одамлар ўртасидаги алоқани таъминлашда катта аҳамиятга эга.
ПМТИ мутахассислари Ўзбекистон ҳудудларида АКТнинг ривожланганлик ҳолатини баҳолаш мақсадида ITU методологиясига мувофиқ АКТнинг ривожланиш индекси асосида Ўзбекистон минтақалари рейтингини тузди.
Ҳисоблаш учун асос сифатида AКТнинг ривожланиш индекси танланди. IDI 3 гуруҳга ажратилган (AКТга уланиш имконияти, AКТдан фойдаланиш даражаси ва AКТдан фойдаланиш учун кўникмалар) 11 кўрсаткични жамлаган ҳолда ҳисобланади.
Индекс 2015-2021 йиллар учун ҳисобланган.
Aсосий натижалар:
- Ўзбекистон бўйича индекснинг ўртача қиймати 2015-йилдаги 6,04 дан 2021-йилда 6,96 га кўтарилди.
- 2021-йилда кучли учликка Тошкент шаҳри (индекс қиймати 9,28), Навоий (7,41) ва Бухоро (7,06) вилоятлари кирди.
- Ўрганиш даврида индекснинг энг катта ўсиши Хоразм (+1,20), Қашқадарё (+1,18), Наманган (+1,15) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (+1,12) қайд этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ўрганилаётган даврда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) индекс мутлақ кўрсаткичининг ўсиши кузатилган. Тошкент шаҳри индексининг пасайиши бошқа ҳудудларга нисбатан дастлабки даврдаги юқори кўрсаткичлар билан изоҳланиши мумкин. Шунга қарамай, Тошкент шаҳри 2021-йилда ҳам рейтинг бўйича сезиларли устунликни сақлаб қолди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон учун AКТнинг ривожланиш индекси соҳанинг ривожланишини ҳудудлар бўйича мамлакат ичида баҳолаш ва ягона кўрсаткич туфайли ривожланиш динамикасини кузатиш имконини беради.