Рақобат қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи ёзувларни тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор лойиҳаси (ID-9160) ишлаб чиқилди. Ҳужжат ташқи ахборот воситаларини тизимли тартибга солиш, ташқи ёзувларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек уларни жойлаштириш тартибини белгилашни назарда тутади.
Мазкур ҳужжат қонунчиликдаги амалий зиддият ва бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, бир қатор жараён ва тушунчаларга аниқлик киритади. Хусусан, «ташқи ахборот воситаси», «ташқи ёзув», «ахборот кўрсаткичи», «пешлавҳа», «эълон», «ахборот стенди» каби атамаларга аниқ таърифлар берилмоқда.
Шу билан бирга, «ташқи ахборот воситалари» ва «ташқи ёзувлар» ташқи муҳитга қаратилган ҳамда тижорий мақсадга эга бўлмаган, яъни реклама ҳисобланмайдиган ахборот ташувчилари сифатида кўрилмоқда. Уларда реклама ёки тижорий маълумот жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, пешлавҳалар объект фаолияти тури ҳақидаги маълумот сифатида белгиланмоқда (масалан, ташкилот номи, ихтисослашуви: дорихона, сартарошхона, АЁҚШ, миллий таомлар, супермаркет, шифохона, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш ва хўжалик товарлари). Бундай пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди ва реклама жойи паспортини олишни талаб қилмайди.
Маълумот учун: реклама — муайян объектга эътиборни жалб қилиш, унга қизиқишни шакллантириш ёки сақлаб туриш, шунингдек фойда олиш мақсадида бозорда илгари суришга қаратилган махсус ахборот ҳисобланади.
Қайд этилишича, хусусий биноларда ташқи рекламани жойлаштириш учун реклама жойи паспортини расмийлаштириш маҳаллий ҳокимликлар томонидан, Тошкент шаҳрида эса ҳокимлик ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан амалга оширилади.
Рақобат қўмитаси эса реклама мазмуни, яъни контентнинг қонунчилик талабларига мувофиқлиги устидан давлат назоратини амалга оширади.
Қўмита юридик шахслар, тадбиркорлар, компаниялар, ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчиликни лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирмоқда. Келиб тушган барча таклифлар ҳужжатни янада такомиллаштириш учун кўриб чиқилади.
Таъкидланишича, таклиф этилаётган ўзгаришлар давлат раҳбари томонидан маъқулланган бўлиб, бу уларнинг долзарблигини тасдиқлайди. Масъул ташкилотларга янги нормаларни амалга ошириш ва амалиётга жорий этиш вазифаси юклатилган.
Лойиҳа муҳокамаси 25 апрель куни бошланган бўлиб, жорий йилнинг 10 майига қадар давом этади.

