Ўзбекистонда фермер хўжаликлари ва тўқимачилик соҳаси корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар жорий этилмоқда. Президент фармонига кўра, пахта ва ғалла етиштирувчиларга кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисми компенсация қилиб берилади.
2026 йил ҳосилидан бошлаб ушбу тўловлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловларни амалга ошириш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Пахта етиштирувчи фермерлар имтиёзли кредитларни ўз вақтида қайтарган тақдирда, 2,5 фоизлик пункт миқдорида компенсация олиши мумкин бўлади. Агар кредит тўлиқ 31 декабрга қадар сўндирилса, компенсация миқдори 5 фоизлик пунктгача оширилади.
Ғалла етиштирувчилар учун эса кредит 1 августга қадар тўлиқ қайтарилган тақдирда, 4 фоизлик пункт миқдорида компенсация назарда тутилган.
Қўшимча имтиёзлар пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда хомашёни қайта ишлашдан тортиб ип-калава ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ циклли корхоналарга ҳам берилади. Уларга фоиз ставкаси 8 фоиздан юқори, аммо 16 фоиздан ошмайдиган тижорат кредитлари бўйича фоиз тўловларининг бир қисми компенсация қилинади.
Шунингдек, ҳужжатда аграр таълим тизимини ислоҳ қилиш ҳам назарда тутилган. Мамлакатда амалий таълим ва ишлаб чиқаришдаги тажрибага асосланган янги уч йиллик мутахассис тайёрлаш дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

