Исроилнинг Бат-Ям шаҳрида соҳил самбоси бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар спортчиси иштирок этиб, ҳамюртларимиз 1 та бронза медалига мушарраф бўлди.Чемпионат баҳсларида 15 та давлатнинг 100 нафардан зиёд самбочилари 8 та вазнда медаллар учун кураш олиб борди.
Муросасиз баҳсларда ҳамюртларимиздан самарқандлик Ҳусан Раҳимов 88 килограмм вазнда бронза медалига сазовор бўлди. У саралаш баҳсларида Франция, Арманистон ҳамда Халқаро самбо ассоциацияси байроғи остида кураш олиб борган россиялик самбочилар билан рўбарў келди ва ҳақли равишда 3-ўринни қўлга киритди.
Чемпионатнинг иккинчи кунида жамоавий беллашувлар ўтказилди. Қуръа натижасига кўра, ҳамюртларимиз илк босқичда Нидерландия самбочиларидан устун келди. 3-ўрин учун курашда эса Арманистон вакилларига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, совринли ўринлардан бенасиб қолди.
Мазкур Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон самбо ассоциацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Исломбек Одилов бош ҳакам ўринбосари сифатида беллашувларнинг адолатли ўтишини таъминлашда иштирок этди.