Коняда давом этаётган V Ислом бирдамлиги ўйинлари ўзининг энг юқори нуқтасига етиб келмоқда. Кеча 16 август кунги баҳсларда юртимиз дзюодочилари, қиличбозлар ва кикбоксинг, спорти вакиллари ютуқлар жамғармасига муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, қиличбозликининг рапира дастурида эркаклар ўртасида жамоавий баҳсда иштирок этган спортчимиз финалда мезбонларни 45:36 ҳисобида мағлубиятга учратиб, олтин медалларимиз сони ошишини таъминлади.
Шунингдек, спортчиларимиздан Муса Аймуратов бронза, 18 ёшли Шаҳзода Эгамбердиева финалгача барча рақибларини мағлуб этиб, ҳал қилувчи баҳсда мезбонлар вакили Алейна Эртуркка имкониятни бой берди ва кумуш медаль соҳиблари қаторидан жой олди.
Кечаги кун баҳсларида дзюдочиларимиз кутилган ва кутилмаган натижаларни қайд этди. Маҳоратли дзюдочимиз Гулноза Матниязова Ислом бирдамлиги ўйинларида делегациямиз учун навбатдаги олтин медални тақдим этди. 70 кг. вазн тоифасининг финал беллашувида ҳамюртимиз тунислик Ниҳел Ландолсига қарши курашиб, чиройли ғалабани тантана қилди. Айнан ушбу вазн тоифасида баҳс олиб борган Шоҳиста Назарова ҳам Ўзбекистонга медаль билан қайтадиган бўлди.
Ҳамюртимиз бронза медали учун кечган баҳсда эронлик Марям Барбатдан устун келди. 81 кг вазн тоифасида бронза медали учун баҳс олиб борган Шарофиддин Болтабоев озарбайжонлик азалий рақибларидан бири Зелим Ткаевни мағлубиятга учратди.
Ёш дзюдочимиз Музаффарбек Тўрабоев Ислом бирдамлиги ўйинларининг чемпионига айланди. 100 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Тўрабоев финалда «Рио-2016» финалчиси, озарбайжонлик Элмар Гасимовни мағлубиятга учратди. «Токио-2020» Олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов Ислом бирдамлиги ўйинларида делегациямиз ҳисобига бронза медалини қўшиб қўйди.
Энг оғир вазн тоифасида баҳс олиб борган Алишер Юсупов ўйинлар финалида БАА вакили Магомедумар Магомедумаровга қарши татамига чиқди ва кумуш медаль билан кифояланди. Бугун 17 август кунги мусобақаларда дзюдочилар жамоавий йўналишда, кикбоксинг ва каратэ ўсталари ўз вазн ҳамда йўналишларида совринли ўринлар учун кураш олиб боради. Ортда қолган беллашувлар натижасига кўра, 106 та олтин, 89 та кумуш ва 70 та олтин медаль билан туркияликлар етакчиликни таъминлаб бўлган бўлса, ҳамюрларимиз 43 та олтин, 30 та кумуш, 48 та бронза билан 2-ўринда, 37 та олтин, 35 та кумуш ҳамда 44 та бронза медалларини жамғарган Эрон вакиллари 3-ўринни банд этиб турибди.