Яқинда Тошкент ва Самарқанднинг энг моҳир кардиохирурглари 170 нафар беморда юрак жарроҳлиги амалиётини ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Шифокорлар дастлаб Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг инновацион клиникасида беморларни текширувдан ўтказди. Шу жойнинг ўзида 18 ёшгача бўлган болаларда мураккаб операцияларни бажаришга киришилди. Шунингдек, юқори технологик муолажаларнинг бир қисми Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилди.
Натижада қанчадан қанча эҳтиёжманд оилаларнинг бемор фарзандлари узоқ йиллик дардидан саноқли соатларда халос бўлиб, яна соғлом ҳаётга қайтди.Раъно Халмуратова қизи Эленора Кенесбаеванинг хасталигидан жиддий ташвишда эди. Жигарбанди 15 йилдирки туғма юрак нуқсонидан азият чекиб келади. Аммо зарур маблағ жамғара олмагани туфайли фарзандини Тошкент шаҳрига даволатиш учун олиб боришга имкон тополмаётган онанинг кўнгли энди хотиржам. Нукусга келган шифокорлар Эленорада узоқ йиллар орзиқиб кутилган мураккаб операцияни бепул ва энг муҳими, муваффақиятли бажаришди.
— Ҳар йили ўғил-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиб, касалликка чалинганларни рўйхатга оляпмиз, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Алима Маткаримова.
— Муассасамизга Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг Самарқанд ҳудудий филиалидан етакчи мутахассислар келгани беморлар узоғини яқин, мушкулини осон қилди. Биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оила фарзандларига эътибор қаратилиб, уларда мураккаб кардиохирургик амалиётлар ўтказиляпти.
— Бу бизнинг Қорақалпоғистонга иккинчи ташрифимиз, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Мақсуд Саидов.
— Жорий йилнинг март ойида биринчи марта Нукусда юрак операцияларини амалга оширгандик. Бу галги операциялар ҳам тўлиқ давлат ҳисобидан бажариляпти. Шунингдек, ташрифимиз давомида маҳаллий кардиохирурглар малакасини ошириш жараёнига ҳам кўмаклашяпмиз.