Бангкок шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 6 та олтин, 6 та кумуш, 3 та бронза жами 15 медаль жамғарган ҳолда 16 давлат орасида биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари юртимизга қайтиб келди.
Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги музаффар дзюдочиларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, ота-оналар, журналистлар тантанали кутиб олди.
Қитъамизнинг энг кучли ўсмир дзюдочиларини аниқлаш учун ўтказилган мусобақада полвонларимиз тенгдошларига қарши муносиб беллашиб, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган не-не улуғ зотларнинг муносиб ворислари, Ўзбекистондек буюк юртнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган фарзандлари эканини исботлади.
Кескин ва муросасиз беллашувларда зафар қучган спортчиларимизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати дунё аҳлини лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
Спорт соҳасида яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган Лазиза Ҳайдарова, Умидахон Бурхонжонова, Анваржон Иброҳимов, Шоҳжаҳон Отабоев, Хуршида Раззоқбердиева, Аббос Шермаҳматов каби дзюдочиларимиз Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, Севинч Муродова, Сўғдиёна Рафкатова, Сардор Ҳимматов, Барчиной Қодирова, Самариддин Мухибиддинов, Элнур Холмўминов ўз вазнида кумуш, Маржона Нуруллоева, Саддам Ҳусанов ва Севинч Тўрақулова эса бронза медалига эга чиқди.
– Чемпионатда юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келганимиздан бахтиёрмиз, – дейди Осиё чемпиони Аббос Шермаҳматов . – Спортни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, халқаро майдонларда юксак ғалабаларга эришишга қодир спортчи бўлиб вояга етишимизга қаратаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.