Шу кунларда АҚШнинг Южин шаҳрида енгил атлетика бўйича 18-жаҳон чемпионати давом этмоқда.Дунёнинг 190 дан зиёд давлатидан 2 минг нафарга яқин спортчи қатнашаётган чемпионатда ҳамюртимиз Сафина Саъдуллаева жаҳон чемпионатидаги иштирокини муваффақиятли бошлаганлиги ҳақида хабар бергандик.Токио-2020 олимпия ўйинлари иштирокчиси Саъдуллаева енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналишида “А” квалификация гуруҳида қатнашиб, финал йўлланмасини қўлга киритган эди. Кеча, 19 июль куни ушбу йўналишда финал мусобақалари бўлиб ўтди.
Муросасиз курашлар натижасига кўра, совринли ўринлар австралиялик Элинор Петерсон, украиналик Яраслава Магучих ва италиялик Елена Валлртигарага насиб этди. Сафина Саъдуллаева 1.89, 1.93, 1.96 метр баландликларни забт этиб, жаҳон чемпионатини бешинчи ўринда якунлади. Айтиш жоиз, медалларга эгалик қилган спортчилар 2,02, 2,00 кўрсаткичга эга бўлишди.
Ҳамюртимиз 1.98 метр учун биринчи ҳаракати омадсиз ўтгач, ушбу баландликни ўтказиб юборди ва захирада қолган 2 уринишни 2 метр баландлик учун ишлатишни танлади. Бироқ, якунда ушбу уриниш кўнгилдагидек чиқмади.
Лекин нима бўлганда ҳам Саъдуллаеванинг жаҳон чемпионатини кучли бешликда якунлаши келгуси мусобақалар, айниқса Париж-2024 йўлида ўзига хос натижаси бўлди, дейиш мумкин.
Южинда жорий йилнинг 15 июлида бошланган жаҳон чемпионатида 49 та медаллар жамланмаси ўйналмоқда. Бугунгача уларнинг 25 тасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Қолган 24 та йўналишнинг натижалари 24 июлгача аниқ бўлади.