Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15-25 июль кунлари пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади.Шу муносабат билан ушбу мусобақани юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган тегишли вазирлик ва идора мутасаддилари, мутахассислар чемпионат ва унинг доирасида ўтадиган тадбирларга тайёргарликнинг бориши хусусида ахборот берди. Йиғилишда спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов мазкур мусобақанинг аҳамияти, ёш спортчилар учун катта тажриба майдони бўлиши, 22 давлат спорт делегацияларини кутиб олиш ҳамда жойлаштириш, уларни юртимизнинг диққатга сазовор масканлари билан таништиришда халқимизга хос бўлган юксак маданиятни намоён этиш зарурлигини таъкидлади. Бу спорт туризмини ривожлантиришда ҳам муҳим омил бўлиши қайд этди.
Муҳокамалар якунида ташкилий қўмита аъзолари қитъа чемпионати ва унинг доирасида бўладиган Осиё оғир атлетика федерацияси конгресси, турли комиссияларнинг йиғилишларини юқори савияда ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитлар, спортчилар беллашувларга тайёргарлик кўрадиган машғулот майдончалари ҳолати, ўрнатилган жиҳозлар, зарур воситалар билан таъминланганлик масалалари билан танишди.
Мусобақалар олдидан эртага, 15 июль куни ҳакамлар ва мураббийлар комиссияларининг йиғилишлари, 16 июль куни Осиё оғир атлетика федерацияси конгресси ташкил этилади. Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими эса 17 июль кунига белгиланган.
Маълумот учун, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида 22 та давлатнинг 400 нафардан зиёд спортчилари иштирок этиш учун талабномалар тақдим этган. Унда мамлакатимиз ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасининг 30 нафарга яқин аъзолари юртимиз шарафини ҳимоя қилиши режалаштирилмоқда.