Профессионал бокснинг WBA Eliminator камари учун биринчи ўрта вазн тоифасида франциялик Мишель Сорога қарши муносиб жанг олиб борган истеъдодли боксчимиз Исроил Мадримов Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон бокс ва профессионал бокс федерацияси вакиллари, боксчининг ота-онаси, профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев, жаҳон чемпионлигига даъвогар Қудратилла Абдуқаҳҳоров каби таниқли боксчилар, кенг жамоатчилик вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
Боксчимизнинг Лондон шаҳрининг очиқ майдонида минглаб бокс ишқибозлари учун ўтказган ўзига хос кўргазмали чиқиши, жанг гарчи техник дуранг сифатида эътироф этилган бўлса-да, Мадримовнинг тактик ҳамда руҳий устунлигида ўтганлиги юртимиз спорт шуҳратини оширишга муносиб ҳисса бўлганлиги қайд этилди.
– Шогирдим икки раунд давомида устунлик қилди. Бу ҳакамларнинг баҳоларида ҳам, Исроилнинг устунлигида ҳам яққол кўриниб турди. Аммо, учинчи раунд аввалида Соронинг қоши ёрилиши туфайли ҳакамлар томонидан техник дуранг эълон қилинди. Профессионал бокс қоидасига кўра, 4-раундгача бирон боксчи жароҳат олса, дуранг қайд этилади. Агар бу ҳолат 4-раунддан кейин содир бўлганда сўзсиз ғалаба Исроилга берилар эди. Шундай бўлса ҳам устунлик, чемпионликка даъвогарлик қилишга Мадримов ҳақлироқ эканлигини яна бир карра исботлади. Бу борада WBAнинг тегишли комиссиялари қандай хулоса бериши ҳозирча номаълум. Лекин улар ўртасида учинчи реванш жанги бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Нима бўлганда ҳам учинчи учрашув бўладими ёки чемпионлик камари учун жанг ўтказиладими, бу масала яқин кунларда эълон қилинади, – дейди мураббий Тўлқин Қиличев.
Кутиб олиш маросимида иштирок этган Исроилнинг онаси Зубайда Мадримова мамлакатимизда спорт соҳасига берилаётган катта эътибор натижасида спортчиларимиз халқаро майдонларда муносиб ютуқларга эришаётганлиги, бу ҳолат унинг ўғли Исроилнинг профессионал боксдаги фаолиятида ҳам акс этаётганлигини эътироф этди.