7 июль куни АҚШнинг Алабама штати, Бирмингем шаҳрида Бутунжаҳон спорт ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.Дунёнинг 110 мамлакатидан 3 минг 600 нафарга яқин спортчи иштирокида кечадиган беллашувларда қатнашиш учун атлетлар ўз йўналишларида жаҳон чемпионлигини қўлга киритишлари ёки маълум саралаш мусобақаларидан ўтишлари лозим эди.
Бутунжаҳон ўйинлари ҳар 4 йилда ўтказиладиган, дастурнинг аксарияти ноолимпия спорт турларидан ташкил топган комплекс мусобақа ҳисобланади. Ўтган йили ўтказилиши лозим бўлган мусобақа эпидемиологик вазият сабабли бир йилга кечиктирилганди. Ўйинлар дастурига биноан, жаҳоннинг энг кучли спортчилари қатори Бирмингем баҳсларида юртимизнинг бир қатор номдор спортчилари ҳам иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, бу галги Бутунжаҳон спорт ўйинларида каратэ бўйича жаҳон чемпиони Достон Отаболаев, бадиий гимнастика бўйича нуфузли мусобақалар ғолибаси Екатерина Фетисова, у-шу спорт турида Даря Латишева, жиу-жицу бўйича жаҳон чемпиони Баҳромжон Машарипов, муай-тайда чемпионликка эришган Фанат Қаҳрамонов юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Мусобақа дастурига биноан юртимиз спортчилари қатнашадиган каратэ басҳлари 8-9 июлда, бадиий гимнастика 12-13 июлда, у-шу мусобақалари 13 июль куни, жиу-житсу беллашувлари 15 июлда ҳамда муай-тай жанглари 15-17 июль куни ўтказилади. Мазкур ўйинлар тарихида Ўзбекистон спортчилари 1997 йил иштирок этиб, 1 тадан олтин ва кумуш медалга, 2005 йилги баҳсларда эса 1 та бронза медалига мушарраф бўлишган.
Бугун, 6 июль куни мазкур нуфузли спорт ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегацияси АҚШга жўнаб кетди. Эслатиб ўтамиз, ўйинларда спортчилар 35 та спорт тури бўйича баҳслашишади. Мусобақалар 17 июлгача давом этади.