Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эътиборини тортган “омикрон”нинг учта янги варианти дунёда касалланишлар сони яна ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Жанубий Африка минтақасида пайдо бўлган BА.4, BА.5 версиялари ҳамда ўчоғи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри ҳисобланган BА.2.12.1 мутацияси шулар жумласидан.
Хусусан, айни пайтда BА.2.12.1 субварианти бутун Қўшма Штатлар бўйлаб шиддат билан тарқалмоқда. Нью-Йорк, Нью-Жерси ва Коннектикут штатларида у аллақачон доминант версияга айланиб улгурган.
Мутахасислар фикрича, ушбу мутация тури бошқа мамлакатларга тарқаладими, йўқми, буни вақт кўрсатади. Худди шундай BА.4 ва BА.5 субвариантлари ҳақида ҳам хотиржам хулоса чиқариш қийин.
Хитойнинг Чанпинг лабораторияси олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, ҳар уччала янги вариант бошқа мутацияларга нисбатан антитаначаларга осонроқ “чап бериш” хусусиятига эга.
Шу боис, фақат оммавий иммунитетни шакллантириш орқали касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш анча мураккаб жараёнга айланиниши мумкин. Бу эса дунёда пандемиянинг янги тўлқини бошланиши эҳтимоли мавжудлигини тасдиқлайди.