Пойтахтимизда Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази давлат унитар корхонаси раҳбарияти ва “SAMSUNG Electronics CO. LTD” вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази раҳбари Улуғбек Шокиров ва “SAMSUNG Electronics CO. LTD” корпорациясининг телекоммуникация бўлими бизнес менежери Kim Eun Woo ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикасига мобил қурилмаларни расмий равишда олиб кириш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, сертификатсиз товарлар етказиб беришни аниқлаш ва олдини олиш учун томонларнинг истиқболли ҳамкорлигини ривожлантириш, мобил қурилмаларни етказиб бериш ҳажми бўйича статистик маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш лозимлиги белгилаб олинди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари “SAMSUNG Electronics CO. LTD” компаниясининг расмий дилерлик шохобчалари сонини оширишга келишиб олишди.
Йиғилиш сўнгида томонлар самарали ҳамкорликни мамнуният билан қайд этдилар. Икки тарафлама ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш тарафдори эканликларини таъкидлаб ўтишди.
Гулноза БОБОЕВА