Бу борада, ҳаттоки, биринчи маъмурият давридаги 90-чи, 2000-йиллар даражасига етиб олганимиз йўқ. Ҳамма билади, 2000-йилларни биринчи ярмида, Тошкентда Озодлик, ББС радиолари катта-катта ҳовлиларни ижарага олиб, ўнлаб ходимлар ишларди, деб ёзади таниқли сиёсий таҳлилчи Камоллидин Раббимов ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
Америка овози хабарлари эса, ФМ тўлқинларида тарқатилар эди. Ҳозир ББС ва Америка овози радиоларидан биттадангина мухбир аккредитациядан ўтказилган. Радио офислари эса, умуман йўқ. Озодликда эса, ҳеч қандан мухир ҳам йўқ. Қолаверса, ўша пайтлари Германиянинг ДойчеВеллисидан тортиб, Россия телеканалларининг мухбирлари доимий рўйхат билан, офисларида ўтириб ишлашарди.
Расман рўйхатдан ўтган ҳалқаро гуманитар, маданий, маърифий, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари жуда кўп эди. Биргина Фридом Хаус Тошкентдан ташқари, вилоятларда ҳам филиаллар очиб бошлаган эди. Буларни бариси 2005 йилда қувилди. Бу, давлат учун, унинг манфаатлари, Ўзбекистоннинг ривожи ва рақобатдошлиги учун, катта зарба бўлди. Бугун, қўшни Қозоғистон телеканалларини кузатинг, ва ўзимизни каналлар билан қиёслаб кўринг: фарқни жуда тез ҳис қиласиз. Россия, Туркия ОАВлари билан қиёслаш мутлақ имконсиз.
Ўзбекистон ўз қудрати, салоҳиятини парваришлашда, эски метод билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини, бугун ҳамма тушунади. Лекин, барибир эски фикрлаш, ишлаш услуби билан вақт ўтказиш давом этмоқда. Табиий, Ўзбекистон ўз ахборот ташаббусини бировларга бериб йўқиши керак эмас. Лекин, рақобатбардошликка интилиш шундай бўлиши керакки, миллий ОАВлар ривожи – миллий тараққиёт стратегиясининг муҳим қисми сифатида кўрилиши керак. Бунга эса, очиқ ҳалқаро рақобат, ҳалқаро тажрибалар асосида эришиш мумкин холос.
Анча консерватив араб-мусулмон давлати бўлмиш, Қатарнинг Ал-Жазира телеканалидан оқиб ўтадиган араб давлатларига қарши танқидий материалларни юздан бирини ўзбекистонликлар ҳозирги зеҳнияти билан баҳолаганида эди, “бу телеканал бизни душманимиз экан” дейишган бўларди. ОАВлари муаммо шакллантирувчи бўлишмайди, улар жамиятдаги муаммоларни, зиддиятларни, бўлаётган яширин жараёнларни катта аудиторияларга, жамоатчиликка олиб чиқишади. Бунга, баъзан чидаш қийин бўлади. Лекин, эркин ОАВлари жамиятдаги ўта зиддиятли жараёнлар, мавзуларни эркин кўтара олиши керакки, бу муаммолар “газак олиб кетмасин”.