Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ва Ўзбекистоннинг бошқа ғарбий ҳудудларида олинган, кўп сонли чигирткалар тўпланганини акс эттирувчи видеолар тарқалди. Кадрларда ҳашаротлар автомобиллар, бинолар ва А-380 автомобиль йўли атрофидаги ҳудудларни қоплаб олганини кўриш мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, кузатилаётган ҳолат чигирткаларнинг ҳар йили такрорланадиган мавсумий кўчиши билан боғлиқ бўлиб, маҳаллий хусусиятга эга. Вазирлик маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги ерларига ҳеч қандай хавф йўқ ва вазият мутасадди идоралар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Зараркунанда тарқалишининг олдини олиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили мавсум бошланишидан олдин ва чигирткалар фаоллашган даврда ҳудудларда кимёвий ишлов бериш ишларини амалга оширади.
Аввалроқ Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида март ойи охирида чигиртка личинкалари чиқиши бошлангани хабар қилинган эди. Зараркунандага қарши кураш ишларига қарийб 700 нафар мутахассис жалб этилган.
2026 йилда 651,8 минг гектардан ортиқ майдонда кимёвий ишлов ўтказиш режалаштирилган.
Чигирткаларнинг оммавий тарқалиши ҳолатлари ҳақида фуқаролар 1288 ёки 71 202 10 00 телефон рақамлари орқали хабар беришлари мумкин.

