Бугун Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маъсуллар бу борада республикамизда олиб борилаётган ишлар ҳақида журналистларга ахборот берди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев:
-2020 йилда қисқа фурсатда хизмат қошида Миллий референс лабораторияси қурилиб ишга туширилди. Ушбу референс лабораторияни қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун, жами 20,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Пандемия даврига қадар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳузуридаги муассасаларда жами 84 та ПЗР ускуналари мавжуд бўлган.
Пандемия даври мобайнида ушбу кўрсаткич 235 тани ташкил этди. 151 та янги ПЗР ускуналари жойларга етказилди ва ўрнатилиб, ишга туширилди.
Ҳозирги кунда республика бўйича 235 та ПЗР аппаратлари билан жиҳозланган полимераза занжир реакцияси усулида таҳлил ўтказишга ихтисослашган 142 та вирусологик лабораториялар фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг шу давригача ушбу лабораторияларда кунига ўртача 43-44 мингтагача, эпидемик мавсум бошидан буён ПЗР усулида 8,5 миллионга яқин таҳлиллар ўтказилди. Бу кўрсаткич ҳар 100 минг нафар аҳоли сонига нисбатан кунлик – 120-125 нафарни ташкил этди.
Санитария-эпидемиолик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов:
-Март ва апрель ойларида Ўзбекистон Хитойнинг “Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” Co. Ltd. компанияси томонидан мамлакатимиз олимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAС2001 вакцинасидан икки миллион доза харид қилинди.
COVAX дастури асосида Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилган 660 000 (олти юз олтмиш минг) доза “Ковишилд” вакцинаси республикамизга 2021 йилнинг март ойида етказиб берилган.
Шу билан бирга, Н.Ф.Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология Миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасини тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан умумий миқдори 500 000 та доза (икки компонентли) харид қилиш бўйича шартнома имзоланган ва шундан мамлакатимизга 50 000 та доза етказиб берилган.
Бугунги кунгача Ўзбекистонда 1 миллион 5910 нафар шахс ZF-UZ-VAС2001, “Ковишилд” ва “Спутник V” вакциналари билан ихтиёрий равишда эмланди.