Оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама жамиятнинг асосий бўғини сифатида барқарорлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг доимий эътиборда бўладиган устувор йўналишлардан бири саналади деб ёзади Uz.A нашри.
Бинобарин, халқ муайян оилалардан ташкил топар экан, унинг барқарорлиги, оилаларнинг тинч-тотувлиги мамлакатнинг ривожи ва истиқболини белгиловчи асосий омил ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистонда оилалар барқарорлигини таъминлаш, эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сонини камайтириш, оилани сақлаб қолиш имконини берадиган кўплаб ташкилий-ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий чоралар белгиланган ва бу борадаги ҳуқуқий асослар яратилган.
Таассуфки, шунга қарамасдан, эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сони уларнинг ўсиб бориш динамикасини кўрсатади. Бу ҳолат, айниқса, йирик шаҳарларда юқори экани кўзга ташланади. Кўп ҳолларда йўқчиликдан, тўқчиликдан ажрашишлар юз бермоқда. Ҳурмат, кечиримлилик ва тушунишнинг ўзаро йўқлиги; фарзанд тарбиясига, унинг камол топиши йўлида ота-оналарнинг тарбия бобида шахсий намунанинг кескин сусайиши ёки зиммадаги “никоҳ” деб аталмиш муқаддас, илоҳий ришта ва “оила” деб аталмиш қўрғоннинг юксак масъулиятини ҳис қилмаслик; ота-оналарнинг ёшларнинг оилавий шахсий ишларига ҳаддан зиёда аралашуви каби ҳолатлар кун мавзусини янада кескинлаштиряпти.
Шу боис эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сонини камайтириш, оилаларнинг бир бутунлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш борасидаги ташкилий-ҳуқуқий механизмларни кучайтириш, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни кучайтириш замон талабидир.
Бугунги кунда оилаларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларга кўмаклашиш давлат ва нодавлат йўли билан амалга оширилмоқда. Айрим давлат органлари оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларга давлат томонидан моддий ёрдам беришни таъминлаш билан шуғулланса (масалан, ижтимоий таъминот муассасалари), бошқалари эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишга кўмаклашиш (ФҲДЁ), бола ҳуқуқларини таъминлаш (васийлик ва ҳомийлик органлари, халқ таълими тузилмалари) фаолиятини амалга оширадилар. Оилаларни қўллаб-қувватлашда, оилавий низоларни ҳал этишга кўмаклашишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллаларнинг роли каттадир. Шунга қарамасдан, ушбу тизим бугунги кунда тўлиқ ўзини оқлаяпти, деб бўлмайди. Тан олиш керак, давлат (унинг органлари тимсолида) ва оилаларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳам ҳозирда етарли даражада эмас.
Оилалар, эр-хотинлар ёки оиланинг бошқа аъзолари ўз муаммоларини яшириш, уларни ошкор қилмасликка ҳаракат қилишади ёхуд давлат органларига нисбатан ишонч йўқлиги сабабли уларга мурожаат қилишдан тийилишади. Бунинг натижасида кичик муаммоларнинг катталашиб кетишига, ва оқибатда, оилавий зиддиятлар ва низоларнинг вужудга келишига ҳамда якунда – эр-хотин ажрашишига сабаб бўлади.
Таҳлиллар ушбу муаммоларнинг ечимини топиш, уларни бартараф этиш борасида қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий чоралар, йўналишларни таклиф этиш мумкин, – деган хулосага олиб келди:
1. Оилалар барқарорлигини таъминлаш тизими бугунги кунда комплекс тус касб этишини ҳисобга олиб, бу борада фаолият юритадиган органлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун эса маҳаллий давлат ҳокимликлари қошида оила масалалари билан шуғулланувчи бўлим ташкил этиш ва унинг фаолиятини суд, ички ишлар органлари, прокуратура, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, халқ таълими ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бирга ишлаш ва мазкур тузилмаларнинг оилавий муносабатлар соҳасида олиб борадиган ишларини мувофиқлаштириш кўринишида ташкил этиш лозим. Оилавий низоларни ўз вақтида, учинчи шахсларга ошкор этмасдан, амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари энг муҳим ва бирламчи тузилма ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг қошидаги яраштирув комиссиялари раислари ва туман Хотин-қизлар қўмиталаридаги оила масалалари бўйича мутахассисдан иборат бўлган “Оилавий зиддиятларнинг олдини олиш ва яраштириш кенгашлари”ни тузиш ҳам ижобий самара бериши мумкин.
Мазкур кенгаш доимий тус касб этадиган оилавий низоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва ечишнинг йўллари ва мақбул чораларини ишлаб чиқиш, ёш оилалар учун тегишли маслаҳатлар ва ўта долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар тайёрлаш вазифасини бажаради. Улар томонидан ишлаб чиқилган тавсияларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида тасдиқлаш орқали расмийлаштириш ва бу тавсияларни кенг халқ оммасига етказиш фойдали бўлиши мумкин.
2. Ҳозирда оилаларнинг барқарорлигини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот органларининг роли каттадир. Айниқса, оилаларнинг ҳолати ва уларнинг турмуш шароити билан яқиндан таниш бўлган профилактика инспектори ва улар ёрдамчиларининг фаолиятини янада жонлантириш лозим. Бунда инспекторларнинг оилалар учун ўрнак бўлиши, уларнинг обрў-эътибори нафақат жамоат тартибини сақлаш, балки оилавий зиддиятлар ва низоларни олдини олиш ҳамда ҳал этишда ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу боис профилактика инспектори лавозимига муайян ҳаётий тажрибага эга бўлган ва одамлар билан ишлаш, энг муҳими, оилавий масалалар бўйича билим ва кўникмага эга бўлган ички ишлар ходими фаолият олиб бориши лозим. Фикримизча, профилактика инспектори лавозимига 35 ёшдан катта бўлган ва оилали ходимни тайинлаш лозим.Айни вақтда профилактика инспекторининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошидаги яраштирув комиссиясиаъзоси сифатидаги вазифасини аниқ белгилаб қўйиш зарур.
3. Эр-хотин ўртасидаги ажрашишларга асосан турли келишмовчиликлар, эр-хотиннинг бир-бирини тушунмаслиги ёки бошқа кўплаб ижтимоий-иқтисодий омиллар сабаб бўлади. Тан толиш керак, оилани сақлаб қолиш имкони бўлган ҳолларда ҳам қонунчиликнинг мукаммал эмаслиги, носамарали услублар ҳам эр-хотиннинг ажрашишларига сабаб бўлади. Мамлакатимиз оила қонунчилиги (Оила кодекси – ОК) эр-хотин ва оила аъзолар ўртасидаги муайян турдаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни назарда тутади. Бироқ Оила кодекси Конституциянинг 63-моддасида белгиланганидек, “оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” экани нуқтаи назаридан эмас, балки субъектлар нуқтаи назаридан ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Тўғри, қонунчиликда никоҳ муносабатларини сақлаб қолиш, ажрашишларни камайтириш, имкон даражасида эр-хотинни яраштиришга қаратилган нормалар ҳам мавжуд. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам ОК оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатида сақлаш ва барқарорлигини таъминлашни назарда тутмайди. Шу сабабли мазкур вазифани бажариш, оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатидаги юксак мақомини белгилаш, оилалар барқарорлигини таъминлашга оид ҳуқуқий чоралар ва механизмларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Оилани қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Қонунини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.
Айтиш лозимки, АҚШда 1988 йилда “Оилани қўллаб-қувватлаш акти” қабул қилинган бўлиб, унда болаларни қўллаб-қувватлаш, оилаларни иш билан таъминлаш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ечишга қаратилган имтиёзли хизматлар келтирилган. Бир қатор давлатларда эса оилаларнинг моддий ҳолатидан келиб чиқиб, солиқ ва коммунал тўловлар (Япония, Корея) бўйича имтиёзлар назарда тутилган.Таклиф этилаётган қонунни қабул қилиш фақат эзгуликка, келажакка – мамлакатимизда оилалар барқарорлигини таъминлаш, ажрашишлар сонини камайтириш ҳамда жамиятнинг асосий бўғини сифатида оилаларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш каби ижтимоий, ташкилий ва ҳуқуқий вазифаларни бажаришга хизмат қилади.
4. Маҳаллалар миқёсида оилаларнинг жипслашуви, барқарорлигини таъминлашга қаратилган “Намунали оила” кўрик танловларини ўтказиш ва турли рағбатлантирувчи номинациялар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бунда “Энг намунали оила” 10 талиги, “Аҳил оила” 10 талиги, “Китобсевар оила” 10 талиги, “Бахтли оила” 10 талиги, “Намунали ёш оила” 10 талиги, “Аждод ва авлодларнинг узвийлигини сақлаган оилалар” 10 талиги каби номинациялар асосида турли танловларни ташкил этиш ва шу йўл билан бутун маҳалладаги оилаларни қамраб олиш ва уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш лозим.Ушбу тизим токим энг сўнгги бекатгача – Андижоннинг Қорасувидан Сурхоннинг Бандихонигача, Бўстонлиқдан ўтиб – Манас – Мўйноққача, Чимбойу Қўнғиротгача етиб борсин.
5. Бугунги кунда оилавий мажбуриятларни бажариш муаммоси оилавий муносабатлардаги энг асосий масалалардан бири саналади. Эр-хотиннинг оилавий мажбуриятларни бажармаслиги оқибатида ажрашишлар сони ортиб бормоқда. Бунда амалдаги ОКда оилавий мажбуриятларни бажармаганлик учун махсус жавобгарлик чораларининг белгиланмаганлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Шу боис ОКда оилавий мажбуриятларни бажармаганлик ҳуқуқий жавобгарликни вужудга келтириши ҳақидаги норма киритилиши мақсадга мувофиқдир. Шу маънода Оила кодексининг 10-моддасини қуйидаги таҳрирдаги учинчи қисм билан тўлдириш таклиф этилади:
Оилавий мажбуриятларни бажармаслик ёки бажаришдан бўйин товлаш ушбу Кодекс, бошқа қонун ҳужжатлари ва томонларнинг келишуви (шартнома)да белгиланган ҳуқуқий жавобгарликни вужудга келтиради.
Шундан келиб чиқиб, эҳтимол бу борада маъмурий жавобгарлик чораларини қўллашга доир ҳуқуқий нормаларни ҳам шакллантириш лозим, деган фикрдамиз ҳам.
6. Оилани мустаҳкамлаш учун “фотиҳа”, “унаштирув” институтини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки ушбу жараён никоҳ тузиш ҳақида қарор қабул қилишни атрофлича ўйлаб кўришга имкон беради, шунингдек фотиҳа қилинган шахслардан бири никоҳ тузишни рад қилган ҳолларда мулкий низоларнинг олдини олади. Мазкур институт Германия, Грузия, Украина, Исроил, Япония ва бошқа мамлакатларда мавжуд. Бунда фотиҳа қилинган шахслар сифатида никоҳ тузишга ариза берган шахслар тан олинади. Фотиҳа қилинганлик никоҳ тузиш мажбуриятини келтириб чиқармайди, бироқ кейинчалик никоҳ тузиш рад қилинган ҳолларда рад қилган тараф иккинчи томонга никоҳ тузиш ва тўйни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб беради. Никоҳ тузишни рад қилиш бевосита номуносиб хулқ-атворда бўлиш, муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар (касаллик, фарзанд мавжудлиги, судланганлик ва ҳ.к.) яшириш билан боғлиқ бўлса, харажатлар қоплаб берилмайди.
7. Оилалар, айниқса, ёш оилалар барқарорлигини сақлашда учинчи шахсларнинг салбий маънода аралашишлари путур етказмоқда. Гарчи Оила кодексида “оилавий муносабатларга аралашишга йўл қўйилмаслиги” назарда тутилган бўлса-да (3-модда), ҳозирда ёш оилаларга қайноналар ва бошқа қариндошларнинг ўзбошимчалик билан аралашуви оқибатида ажрашишлар сони ортиб бормоқда. Ушбу масалаларнинг ечими сифатида ОКга оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва уларнинг қўлланилиши оилани ва унинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашни, оила аъзоларининг оилани сақлаш ва болалар тарбияси учун ўзаро жавобгарлигини, вояга етмаган болаларни турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилишига оид аниқ нормани назарда тутиш зарур.
8. Кўп ҳолларда ажрашишларга шахснинг оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларини суиистеъмол қилишлари ҳам сабаб бўлади. Эр-хотиннинг бир-бирига нисбатан оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни суиистеъмол қилинишига йўл қўйилмаслигига оид қоида эса амалдаги кодексда ўз ифодасини топмаган. Бунда эр-хотиннинг, шу жумладан бошқа оила аъзоларининг оила муносабатларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишларида қонун ҳужжатларига риоя этишлари, биргаликда турмуш қуриш қоидаларини, ахлоқ-одоб тамойилларини ҳурмат қилишлари, виждонан ва ҳалол ҳаракат қилишларига оид нормани Оила кодексига киритиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги, суиистеъмоллик билан ҳаракат қилинган суд томонидан бундай ҳуқуқлар ҳимоя этилмаслигига оид қоида ҳам белгиланиши зарур.
9. Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни оилавий муносабатларга ҳам татбиқ этилиши мустаҳкамланган бўлса-да, Оила кодексида эр-хотин ўртасида юзага келган низони медиатор воситасида ҳал қилиш механизми мавжуд эмас. Эр-хотин судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво ариза билан мурожаат қилганда, суд агар томонларга ярашиш учун муҳлат берса, у ҳолда эр-хотинни медиаторга мажбурий юбориши зарур. Ушбу қоида Оила кодексида ўз ифодасини топиши зарур, чунки медиатор маҳалла ҳузуридаги яраштирув комиссиясидан фарқли равишда эр-хотин ўртасида юзага келган ҳолатга малакали ҳуқуқий баҳо беради ва улар ўртасидаги низони ҳал қилишга амалий ёрдам беради.
Глобализация, фан-техника ва технологиялар шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда қонуний никоҳ асосидаги оилани сақлаб қолиш ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг вазифамиздир. Ҳа, бу оилаларда бўладигани каби меники ёки сеники сингари сансалор бўладиган шунчаки маиший масала эмас, бу том маънодаги жамият ва давлатнинг эртаси учун, авлодлар давомийлиги учун фавқулодда муҳим ҳодисадир. Оила фақат адабий жараёнда – адибларнинг ёзиқларида, мусаввирнинг полотносида, киноактёрларнинг экран ва саҳнадаги ролларида эмас, балки амалда муқаддас ва дахлсиз бўлиши шарт. Ҳа, Ўзбекистонимиз учун оила муқаддас бўлиб қолаверади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.
Нурилло Имомов,
ТДЮУ кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор
Миродил Баратов,
юридик фанлар доктори, профессор
Қамбариддин Меҳмонов,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори