Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тизимидаги «Экологик мониторинг миллий маркази» корхоналардан чиқадиган ташламаларни шартнома асосида ўлчаш хизматини кўрсатади.
Жараён бир неча босқичда амалга оширилади: корхона расмий мурожаат ва техник топшириқ юборади, Марказ ўрганиш ўтказиб, тижорат таклифини тайёрлайди. Томонлар келишувга эришса, шартнома тузилади ва мутахассислар махсус лаборатория ускуналари ёрдамида ўлчов ишларини бажаради. Натижалар таҳлил қилиниб, расмий баённома шаклида корхонага тақдим этилади.
Хизмат нархи Марказнинг тасдиқланган прейскуранти асосида ҳисобланади. У кўрсаткичлар нархи, ифлослантирувчи моддалар сони, ўлчов нуқталари ва ўлчаш даврийлигига боғлиқ.
Масалан, битта манбадан чиқадиган битта ифлослантирувчи моддани бир марта ўлчаш ўртача 400 минг сўмни ташкил этади. Иккита модда учун бу сумма тахминан 800 минг сўм бўлади.
Муҳим жиҳати: ўлчов хизмати ихтиёрий. Корхона Марказ ёки бошқа аккредитациядан ўтган лабораторияни танлаши мумкин. Қўшимча тўловлар талаб этилмайди.
Нархлар бўйича савол ва эътирозлар учун: +998 (71) 207-02-09 (ички рақам 120).


