Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Миграция агентлиги, Касбий таълим агентлиги ҳамда мамлакатимизнинг Швециядаги элчихонаси вакилларидан иборат делегация Швецияда миграция ва касбий таълим соҳаларида туркум учрашувлар ўтказмоқда.
Швеция Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда 2026 йил 1 ноябрдан кучга кирган икки томонлама миграция келишувини амалиётга татбиқ этиш ва юртдошларимизнинг қонуний ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари:
- Швециялик иш берувчилар талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда малакали мутахассисларни тайёрлаш;
- Касбий техникумларда хорижий компаниялар талаблари асосида ўқув дастурларини жорий этиш;
- Иш визалари ва яшаш рухсатномаларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш имкониятларини ўрганиш;
- Швеция компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда пилот ишга жойлаштириш механизмини ишлаб чиқиш.
Швеция томони мутахассисларни иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжлари асосида тайёрлаш таклифини юқори баҳолади. Томонлар кадрларни танлаш, тайёрлаш ва қонуний ишга жойлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича амлий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ташриф доирасида Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Швециянинг миграция вазири Йохан Форсселл (Johan Forssell) билан ҳам учрашув ўтказиб, ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.



