Остона шаҳрида Халқаро Кураш ассоциациясининг (ХКА) XXII конгресси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари бошчилигида иштирок этди.
Конгресснинг асосий масалаларидан бири 2027 йилда ташкилот президенти сайловига тайёргарлик бўлди. Делегатлар Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров номзодини ушбу лавозимга кўрсатишни бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Отабек Умаров ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ва Халқаро Кураш ассоциациясининг фахрий президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида курашни ривожлантириш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Шунингдек, курашнинг жаҳон миқёсидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мусобақаларни ўтказиш тизимини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Конгресс доирасида ассоциациянинг 2025–2026 йиллардаги фаолияти якунлари ҳам кўриб чиқилди. Қозоғистон, Литва, Шри-Ланка, Иордания, Франция, Сурия, Швейцария, Арманистон, Италия, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн миллий федерациялари Халқаро Кураш ассоциацияси таркибига қабул қилинди.
Бундан ташқари, мусобақа қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, ҳакамлик тизимини ривожлантириш ва спортчиларнинг халқаро рейтингини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро Кураш ассоциацияси президенти сайлови ташкилотнинг 2027 йилдаги навбатдаги конгрессида бўлиб ўтади.


