Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида цемент-бетон қопламали янги пулли автомобиль йўлини барпо этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Мазкур замонавий магистраль икки тарихий шаҳар ўртасидаги қатнов вақтини амалдаги 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириш имконини беради. Шу билан бирга, ушбу йўналиш бўйлаб тезюрар поездлар учун янги темир йўл тармоғини тортиш ҳам кўзда тутилган.
Давлат раҳбари мутасадди идоралар масъулларига инфратузилмавий автомобиль ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаб, хорижий ҳамкорлар ҳамда инвесторлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берди.


