SOF EXPO Samarkand кўргазма мажмуасида Самарқанддаги озиқ-овқат ва ичимликлар соҳасига ихтисослашган биринчи FOODERA EXPO 2026 кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ва тармоқ ташкилотлари вакиллари, дипломатик миссиялар ҳамда элчихоналар ходимлари иштирок этди.
Маросимда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Хуршидбек Самиев, Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Эркин Маликов, Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баходир Умиршайхов, Самарқанд вилояти Тадбиркорлар кенгаши раиси Ҳайдар Ураков ва бошқа расмийлар қатнашди.
27–29 октябрь кунлари ўтказилаётган кўргазма ишлаб чиқарувчилар, дистрибьюторлар, импортчилар, етказиб берувчилар ва соҳанинг профессионал харидорларини бир майдонда жамлади. Унда маҳсулотлар тақдимоти, ишбилармонлик учрашувлари ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Экспозициядан озиқ-овқат ва ичимликлар, чой ва қаҳва, қандолатчилик ва нон маҳсулотлари, сут ва гўшт маҳсулотлари, музлатилган озиқ-овқат, ярим тайёр маҳсулотлар, консерва, соуслар ҳамда деликатеслар ўрин олган. Кўргазмада 87 та компания ва стенд иштирок этмоқда. Улар орасида Самарқанд вилояти корхоналари ва минтақанинг бошқа мамлакатларидан келган компаниялар ҳам бор.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Хуршидбек Самиев кўргазманинг маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспортни кенгайтиришдаги аҳамиятини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, вилоятда озиқ-овқат саноати соҳасида 1 311 та корхона фаолият юритмоқда. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ушбу йўналишда 46 та янги лойиҳа ишга туширилган.
Кўргазмага 3 мингдан ортиқ профессионал ташриф буюрувчи келиши ва умумий қиймати 5 миллион доллардан зиёд шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Кўргазма мажмуаси директори Аҳмад Тожибоевнинг таъкидлашича, озиқ-овқат саноатини ривожлантиришда ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, дистрибьютор ва профессионал харидорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот муҳим аҳамиятга эга.
FOODERA EXPO савдо тармоқлари, улгуржи савдо компаниялари, харидорлар, ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, дистрибьюторлар, шунингдек, ресторан ва меҳмонхона бизнеси вакилларига мўлжалланган. Иштирокчилар маҳсулотларини салоҳиятли ҳамкорларга тақдим этиш, бозор талабини ўрганиш ва етказиб бериш ҳамда дистрибуция шартларини муҳокама қилиш имкониятига эга.
Уч кун давомида ташриф буюрувчилар иштирокчи компаниялар маҳсулотлари билан танишиши, ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиши ва янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиши мумкин. Кўргазма ташкилотчиларининг таъкидлашича, тадбир Ўзбекистон ва Марказий Осиё озиқ-овқат саноатидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.


