2026 йил 28–29 сентябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилган V Самарқанд инсон ҳуқуқлари форумининг «Самарқанд декларацияси – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик» деб номланган якуний ҳужжати БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди (A/81/444). Ҳужжат БМТнинг олти расмий тилида эълон қилинди.
Якуний ҳужжат муқаддима, олти бўлим ва 24 банддан иборат бўлиб, унга амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам илова қилинган.
Муқаддимада Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганининг 60 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги ва Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 20 йиллиги алоҳида таъкидланган.
Ҳужжатда 1993 йилги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури, 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартиби ҳамда 2024 йилги Келажак учун пактга ҳаволалар келтирилган.
Унда олтита асосий тамойил белгиланган ва тўққизта устувор йўналиш бўйича чоралар кўришга чақириқлар акс этган. Жумладан, халқаро шартномаларни миллий даражада амалга ошириш, ривожланиш ҳуқуқи ва ижтимоий адолат, инклюзив жамиятни шакллантириш, демографик ўзгаришлар ва авлодлар бирдамлиги, аёллар ҳуқуқлари ва иқлим адолати, рақамли муҳит ва сунъий интеллект, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши, фуқаролиги бўлмаган шахслар муаммосининг олдини олиш, тинчлик, хавфсизлик ва халқаро гуманитар ҳуқуқ масалалари шулар жумласидан.
Ҳужжатда 2040 йилгача фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини сезиларли даражада камайтиришга интилиш, шунингдек, Орол денгизи инқирозининг экологик ва ижтимоий оқибатларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган.
Форум иштирокчилари Марказий Осиё учун «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартибини амалга ошириш бўйича биринчи Минтақавий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилганини ҳам олқишлаган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши ва 2031 йилда мамлакатда БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича XVI конгрессини ўтказиш тўғрисидаги қарорлар маъқулланган.
V Самарқанд инсон ҳуқуқлари форуми иштирокчилари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари томонидан «Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс»ни ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Бундан ташқари, Самарқанд форумини халқаро мулоқот учун доимий майдонга айлантириш ҳамда халқаро пактларни амалга ошириш бўйича Самарқанд рақамли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш таклиф қилинган.
Ҳужжатга илова қилинган Йўл харитаси саккизта тадбирни ўз ичига олади. У тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, ихтиёрий асосда амалга оширилади.
Унга мувофиқ, 2027 йилда устувор йўналишлар бўйича кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш ва рақамли платформа концепцияси юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш режалаштирилган.
2027–2030 йилларда ҳужжат қоидаларини миллий стратегиялар ва ҳаракатлар дастурларига киритиш, 2028 йилда эришилган натижалар бўйича биринчи ихтиёрий шарҳни ўтказиш, 2030 йилда эса ҳужжатнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ўзаро боғлиқлигини таҳлил қилиш кўзда тутилган.
2036 йилда халқаро пактларнинг 70 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 50 йиллиги ва Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллиги муносабати билан юбилей шарҳи ўтказилади. 2040 йилда эса якуний ихтиёрий шарҳ амалга оширилади.
Якуний ҳужжатдаги бир қатор тадбирларнинг ижрочиси этиб Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази матбуот хизмати.


