Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фасадларни иссиқлик изоляцияси билан қоплаш энергия сарфини 30–40 фоизга камайтиришга ёрдам беришини кутмоқда.
Ўзбекистонда кўп қаватли уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш дастури кенгайтирилмоқда. 2024–2030 йилларда умумий майдони 4,4 млн квадрат метрдан ортиқ бўлган 2866 та уйни иссиқлик изоляцияси билан қоплаш режалаштирилган. Бунда базальт асосидаги иссиқлик изоляцияси материалларидан ҳам фойдаланилади.
Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева «Энергия ресурслари тарифлари ислоҳоти ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш» мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда кузатилган аномал совуқлар кўп қаватли уйларда иссиқлик йўқотилишини камайтириш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатди.
Тошкентда 1991 йилгача қурилган айрим кўп қаватли уйларда тажриба тариқасида бундай ишлар амалга оширилган. Матбуот анжуманида таъкидланишича, ташқи деворларни базальт материаллари билан қоплаш энергия сарфини 30–40 фоизга камайтириш имконини беради.
2024–2026 йилларда мамлакатнинг етти ҳудудидаги 1834 та кўп қаватли уйда 2,281 млн квадрат метрдан ортиқ майдонда иссиқлик изоляцияси ишлари бажарилди. Шундан 1481 та уй Жиззах вилоятида, 186 таси Сирдарё вилоятида ва 103 таси Андижон вилоятида жойлашган. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Тошкент, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳам ишлар олиб борилган.
Нукусдаги уй Германия кўмагида иссиқлик изоляцияси билан қопланмоқда. Германиянинг GIZ ташкилоти билан халқаро ҳамкорлик доирасида Нукусдаги 60 хонадонли уйнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа фасаднинг 2600 квадрат метр майдонини базальт материаллари билан қоплаш ва 1112 квадрат метр том қисмини иссиқлик изоляцияси билан таъминлашни назарда тутади. Ҳозиргача қурилиш-монтаж ишларининг 60 фоиздан ортиғи бажарилган.
2027–2030 йилларда Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Чирчиқ шаҳарларидаги 1032 та кўп қаватли уй фасадларини иссиқлик изоляцияси билан қоплаш режалаштирилган. Ишларнинг умумий майдони 2,123 млн квадрат метрдан ошади.
Ушбу дастур доирасида лойиҳадан олдинги ҳужжатларни тайёрлаш учун Жаҳон банки 2 млн доллар миқдорида грант ажратган.
В. Новиков


