Ўзбекистон Республикаси Президенти 2026 йил 16 октябрдаги қарори (ПҚ–378-сон) билан енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тизимида давлат муассасаси шаклидаги Халқаро мода академиясини ташкил этишни тасдиқлади.
Янги олий таълим муассасаси Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Париж халқаро мода академиясининг қўшма таълим дастури негизида шакллантирилади. Ушбу дастур бўйича таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини янги академияда давом эттирадилар ва унинг дипломини оладилар.
Таълим жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади. Муассаса бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича мустақил равишда кадрлар тайёрлаш, 2027/2028 ўқув йилидан эътиборан эса дуал таълим шаклини жорий этиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, соҳа техникумларини муваффақиятли тамомлаган ва юқори ўзлаштириш кўрсаткичига эга битирувчилар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб академиянинг 3-курсига тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Ҳужжатда, шунингдек, хорижий мутахассислар ва талабалар учун виза расмийлаштириш ҳамда 2028 йил охиригача давлат-хусусий шериклик асосида 400 ўринли талабалар турар жойини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.


