Туркиянинг Истанбул шаҳри аэропортида соғлиғи кескин ёмонлашиб, ҳушидан кетган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси Бош консулхона ва Миграция агентлиги кўмагида Ватанига қайтарилди.
Маълум қилинишича, ёш йигит Туркияга ишлаш учун борган, бироқ соғлиғидаги муаммолар сабаб ишини давом эттира олмаган. У Ўзбекистонга қайтиш учун чипта сотиб олиб, Истанбул аэропортига келганида ҳушидан кетган.
У зудлик билан Башакшехир туманидаги Çam ve Sakura шаҳар шифохонасига олиб борилган. Шифокорлар унга зарур тиббий ёрдам кўрсатган. Даволаниш харажатларининг бир қисми Туркияда яшаётган ватандошлар томонидан қопланган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги вазиятни назоратга олиб, йигитнинг Ватанига қайтишини ташкил этган. Натижада 19 ёшли фуқаро Ўзбекистонга соғ-саломат қайтиб келган.
Бош консулхона қийин вазиятда қолган йигитга ёрдам кўрсатган ватандошларга миннатдорлик билдирди.


