2026 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга сафар қилиши учун янгиланган талаблар кучга киради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси расман хабар берди.
Янги қоидаларга кўра, Мисрга кириш визасини мамлакатнинг дипломатик ваколатхоналари орқали олдиндан расмийлаштириш талаб этилади. Туристик сафарлар эса ваколатли туроператорлар орқали ташкил қилиниши керак.
40 ёшга тўлмаган фуқаролар фақат яқин қариндошлари — ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин. Бунда оила сафар давомида камида 5 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пулга эга бўлиши лозим.
40 ёшдан ошган мустақил сайёҳлар эса камида 3 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пул олиб юриши керак.
Чегара назоратида меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, мобиль алоқага оид маълумотлар ҳамда сафар учун етарли маблағ мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади.
Шунингдек, Мисрда бўлиш даврида туристик визани бошқа турдаги визага ўзгартириш мумкин бўлмайди.
Зарур ҳужжатлар ёки тасдиқловчи маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда, фуқароларнинг мамлакатга кириши рад этилиши ва улар келган авиакомпания рейси билан Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин.


