Ўзбекистонда 2027 йилдан пенсия тизимини кенг кўламли ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳузурида халқаро маслаҳатчилар иштирокида лойиҳа офиси ташкил этилади. Улар жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш ва унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тайёрланган президент фармони лойиҳасида назарда тутилган.
Таклиф этилаётган асосий ўзгаришлардан бири жамғариб бориладиган пенсия тизимини «Халқ банки»дан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасига ўтказишдир. Жамғарма фаолияти учун қўшимча 31 та штат бирлиги ажратилади. Уларни сақлаш харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Давлат ихтиёрий пенсия жамғармаларини рағбатлантиришни ҳам режалаштирмоқда. 2027 йилдан бошлаб фуқаро иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида бадал тўлаган тақдирда, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш миқдори 50 фоизгача етиши мумкин.
Бундан ташқари, иш ҳақининг базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошадиган қисми учун ижтимоий солиқнинг 1 фоизини жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига йўналтириш таклиф этилмоқда. 2033 йилдан бу ставкани 2 фоизга, 2040 йилдан эса 3 фоизга ошириш режалаштирилган.
Жамғарилган маблағлар ва уларни инвестиция қилишдан олинган даромадларни фуқароларнинг шахсий мулки деб эътироф этиш ҳамда уларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқини белгилаш таклиф қилинмоқда. 2030 йилдан ушбу маблағлардан оғир касалликларни даволаш ва ипотека кредити бўйича бошланғич бадални тўлаш учун ҳам фойдаланишга рухсат бериш режалаштирилган.
Ислоҳот меҳнат стажига қўйиладиган талабларни ҳам қамраб олади. Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган энг кам иш стажини 7 йилдан 15 йилгача ошириш таклиф этилмоқда. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилиб, 2027 йилдан талаб ҳар йили ошириб борилади ва 2034 йилга келиб 15 йилга етказилади.
Пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир нафақа тайинлаш назарда тутилган. Бироқ бундай нафақани фақат умумий белгиланган пенсия ёшига етганидан беш йил ўтгач олиш мумкин бўлади.
Пенсияни ҳисоблаш тартиби ҳам ўзгариши мумкин. 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган иш ҳақи даври ҳар йили бир йилга узайтирилиб, 5 йилдан 20 йилгача етказилади. Бунда энг кам даромад олинган даврнинг 10 фоизини ҳисоб-китобдан чиқариш таклиф этилмоқда.
Пенсияга чиқишни кечиктирган фуқароларни молиявий рағбатлантириш ҳам режалаштирилган. 2028 йил апрелидан пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг энг юқори чегарасини базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 бараваридан 13 бараваригача ошириш таклиф этилмоқда.
Пенсияга чиқишни олти ойга кечиктирган тақдирда, ушбу чегара базавий ҳисоблаш миқдорининг 14 бараварига, бир йилга кечиктирилганда эса 15 бараварига етказилади.
Ҳозирча ушбу чоралар президент фармони лойиҳасида назарда тутилган таклифлар ҳисобланади. Улар фақат тегишли фармон қабул қилинган тақдирдагина кучга киради.


