Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойидаги вазиятни жойида ўрганди. Текширув давомида ушбу объект расман фойдаланишга топширилмагани, кадастр ва рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилмагани, шунингдек, иситиш, иссиқ сув ва ёнғин хавфсизлиги тизимлари талабга жавоб бермаслиги аниқланди.
Шу сабабли талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар университетнинг мавжуд ётоқхоналари ҳамда ижара хонадонларига тўлиқ жойлаштирилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, тадбиркор томонидан талабалардан ундирилган тўловлар 3 кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади. Ҳозирда объект ҳужжатларини тартибга солиш ва фойдаланишга топшириш ишлари давом этмоқда.


