29 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумининг якуний ялпи мажлиси бўлди. Ушбу анъанавий халқаро тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Форум “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусига бағишланди. Унинг тантанали очилиши, Юқори даражадаги ва Миллий марказ юбилейига бағишланган ялпи мажлислари, шунингдек, 7 та шўъба сессиялари Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Самарқанддаги якуний ялпи мажлис параллел тарзда ташкил этилган шўъба сессиялари натижалари бўйича умумий хулосалар ва таклифлар тақдимотидан бошланди. Барча сессиялар модераторлари айни масала юзасидан сўзга чиқдилар.
Форум давомида ана шу тақдимотлар асносида билдирилган хулоса ва таклифлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан умумлаштирилди. Якуний ҳужжатда акс эттириладиган амалий тавсиялар шакллантирилди.
Ўз навбатида, «Самарқанд тасаввури – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик» номли Якуний ҳужжат лойиҳаси Форум иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Уни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тақдим этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумининг Якуний ҳужжатида “Стратегик тасаввур” иборасининг қўлланилгани бежиз эмас. Чунки айни ҳужжат инсон қадр-қиммати ва тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётни рағбатлантириш йўлида халқаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Форум иштирокчилари эътироф этганларидек, жорий йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига асос солинганига 8 йил бўлди. Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш ва самарадор ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди.
Дастлаб 2018 йилда Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди. 2020 йилда ёшлар ҳуқуқларига, 2022 йилда эса инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масалаларига бағишланган форумлар ташкил этилди. 2024 йилги Тўртинчи Самарқанд форумида экологик таҳдидлар ва уларнинг инсон ҳуқуқларига таъсири муҳокама қилинди. Бешинчи Самарқанд форуми ана шу эзгу анъананинг мантиқий давоми бўлди.
Бугун инсоният мураккаб ва бир-бири билан чамбарчас боғланган глобал синовларга дуч келмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва янги рақамли технологияларнинг жадал ривожи инсон ҳаёти учун улкан имкониятлар билан бир қаторда янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавф-хатарларни ҳам юзага чиқармоқда.
Шу боис инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини замонавий воқеликлар асосида такомиллаштириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми дастури ҳам айнан шу мақсад ва вазифаларга қаратилди. Форум иштирокчиларининг эътироф этишича, ушбу йирик халқаро тадбирни ўтказишдан кутилган мақсад ва натижаларга эришилди.
Биринчидан, стратегик сиёсий тавсиялар: Халқаро мажбуриятларни ижро этиш, тараққиёт ҳуқуқини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишга инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, кенгайтирилган халқаро ҳамкорлик ва шериклик: Ҳукуматлар, БМТ, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланди.
Учинчидан, билим ва илғор тажрибалар алмашинуви: Миллий стандартларни амалга ошириш, институционал инновациялар ва асосланган қарорлар қабул қилиш бўйича тажриба алмашинувини рағбатлантириш йўлга қўйилди.
Тўртинчидан, миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш: Халқаро мажбуриятларни бажариш, идоралараро мувофиқлаштириш ҳамда миллий механизмлар фаолиятининг салоҳиятини ошириш борасида сезиларли қадамлар қўйилди.
Бешинчидан, инсон ҳуқуқларининг яхлит кун тартибини илгари суриш: Барча инсон ҳуқуқлари, экологик муаммолар, иқлим ҳаракатлари, рақамли технологиялар, гендер тенглик ва заиф қатламларни ҳимоя қилишнинг ўзаро боғлиқлигини таъминловчи комплекс ёндашувлар шакллантирилди.
Олтинчидан, Самарқанд форумини доимий халқаро мулоқот платформаси сифатида мустаҳкамлаш: Форумнинг глобал миқёсдаги нуфузи ва инсон ҳуқуқларини самарали таъминлашдаги тутган ўрни янада юксалди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми иштирокчилари чинакам меҳмондўстлик кўрсатилгани ва Форум юксак даражада ўтказилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорчилик билдирдилар.
Иштирокчиларнинг якдил фикри шундай бўлди:Инсон ҳуқуқлари бизни бир-биримизга – кечамиз, бугунимиз ва эртамизни ўзаро боғлаб турадиган макондир. Ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш учун куч ва имкониятларни бирлаштириб, биз ҳамма учун яхши ва барқарор дунёни қурмоқдамиз. Барчамизни бирлаштириб турадиган бош ғоя эса – бутун дунёда инсон қадрини улуғлаш, тенгликни таъминлаш ва ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази


