Президент Шавкат Мирзиёев педагог ходимлар билан ўтказилган самимий учрашувда таълим фидойиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Янги чора-тадбирлар пакетига кўра, эндиликда миллий сертификатга эга бўлган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 50 фоиз миқдорида қўшимча устама тўланади. Бундан ташқари, республикамизнинг 208 та туман ва шаҳридан аниқланадиган энг илғор лидер ўқитувчилар ҳар йили 30 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ва олий таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳар йили 1 000 нафар ўқитувчи Буюк Британия, Франция ва Сингапур каби ривожланган давлатларнинг нуфузли таълим масканларига малака ошириш ва стажировкага юборилади. Шунингдек, камида 15 йиллик меҳнат стажига эга бўлган педагогларнинг фарзандларига олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиши учун фоизсиз таълим кредитлари ажратилиши белгиланди.


