27 сентябрь куни Шаҳрисабз шаҳрида илк бор халқаро туркумдаги Silk Road Uzbekistan оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. Югуриш ишқибозлари, талабалар, югуриш клублари аъзолари, блогерлар ва профессионал спортчилар Оқсаройнинг муҳташам деворлари олдида стартга чиқди.
Silk Road Shakhrisabz тадбири Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Қашқадарё вилояти спорт бошқармаси кўмагида ташкил этилди.
Silk Road Uzbekistan’нинг доимий ҳамкорлари — «Ўзбектелеком» АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки туркумнинг баҳорги ва кузги босқичларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бунинг натижасида мусобақалар мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилмоқда.
Туркумнинг аввалги кузги старти 13 сентябрь куни Хивада бўлиб ўтган. «Arda Khiva» сайёҳлик мажмуаси ҳудудида ўтказилган Silk Road Khiva оммавий югуриш мусобақасида минглаб югуриш ишқибозлари, жумладан, хорижий меҳмонлар иштирок этган.
Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси директори Шуҳрат Усмоновнинг таъкидлашича, бу йил Silk Road Uzbekistan туркуми Буюк Ипак йўли шаҳарларида саккизта спорт тадбирини бирлаштирган. Олти старт ўтказиб бўлинган бўлиб, Шаҳрисабз навбатдаги мусобақани қабул қилди. Туркум доирасидаги кейинги тадбир 11 октябрь куни Silk Road Andijan ярим марафони бўлади.
Silk Road Shakhrisabz дастуридан 5 ва 10 километр масофага оммавий югуриш, 5 километрлик скандинавча юриш, шунингдек, 250 ва 500 метр масофага Kids Run болалар югуриши мусобақалари ўрин олди. Тадбир доирасида 3 километрлик Talaba Yugur талабалар мусобақаси ҳамда 1 километрлик Inson Uchun хайрия инклюзив югуриш мусобақаси ҳам ташкил этилди.
Мусобақанинг соврин жамғармаси 69 млн сўмни ташкил қилди. 5 ва 10 километр масофаларда эркаклар ва аёллар ўртасида жами 24 та совринли ўрин учун пул мукофотлари белгиланди. Болалар югуриши ва скандинавча юриш мусобақалари ғолиб ҳамда совриндорларига ташкилотчилар ва ҳамкорлар томонидан совғалар топширилди.
Silk Road Uzbekistan мусобақасининг ҳар бир иштирокчисига старт тўплами берилди. Ундан чипли старт рақами, рюкзак, кепка, медаль ва Испаниянинг Joma брендига тегишли спорт футболкаси ўрин олди.
Мусобақада 5 километр масофада эркаклар ўртасида Бахтиёр Ўткиров 14 дақиқа 23 сония натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Руслан Ҳожиев 14:34 натижа билан иккинчи, Нодирбек Муталипов 14:45 натижа билан учинчи бўлди.
Аёллар ўртасида 5 километр масофада Шоҳсанам Хуррамова 16:56 натижа билан ғолиб чиқди. Насима Маъму́рова 17:40 натижа билан иккинчи, Зизалабону Йўлдошева 17:50 натижа билан учинчи ўринни олди.
10 километр масофада эркаклар ўртасида Элдор Ботиров 30:17 натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Жобир Қаҳҳоров 30:19 билан иккинчи, Нуриддин Раҳматов 30:45 билан учинчи бўлди.
Аёллар ўртасида 10 километр масофада Саидабону Нусратиллоёва 35:44 натижа билан ғолиб бўлди. Арофат Имомалиева 36:17 натижа билан иккинчи, Дарья Антропова 37:14 натижа билан учинчи ўринни эгаллади.
Silk Road Uzbekistan туркумининг навбатдаги мусобақаси — Silk Road Andijan ярим марафони 11 октябрь куни ўтказилади.


