Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида реконструкция қилинган «Турон» стадионига ташриф буюриб, бу ерда спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Янгиланган мажмуа Қорақалпоғистонда оммавий ва профессионал футболни ривожлантириш, ёш истеъдодларни тарбиялаш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 118,6 миллиард сўмни ташкил этди. Реконструкциядан сўнг стадионнинг томошабинлар сиғими 9,3 мингдан 12 минг нафарга етказилди. Мажмуада 85 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланган.
«Турон» стадиони профессионал футбол клуби — «Орол»нинг асосий базаси ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда Республика футбол академиясининг 190 нафар тарбияланувчиси мунтазам машғулотлар ўтказмоқда.
Спорт мажмуасида иккита спорт зали ва яна иккита қўшимча стадион барпо этилган. Ёш футболчилар учун 196 ўринли ётоқхона, 84 ўринли ошхона, замонавий тренажёр заллари ҳамда тактик таҳлил хоналари ташкил қилинган.
Мажмуада енгил атлетика, бокс ва таэквондо билан шуғулланиш учун ҳам зарур шароитлар яратилган.
Стадион замонавий спорт инфратузилмаси билан бир қаторда, телевизион трансляциялар учун ҳам мослаштирилган. Бу ерда оммавий ахборот воситалари учун махсус платформалар, офсайд камералари учун майдончалар ҳамда VAR тизими учун алоҳида зона ташкил этилган.
Бу имкониятлар нукусда халқаро талабларга жавоб берадиган спорт мусобақаларини ўтказиш имконини кенгайтиради.
Давлат раҳбари мажмуадаги шароитлар билан танишиб, Қорақалпоғистонда спортни янада ривожлантириш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев ёш спортчилар билан суҳбатлашиб, уларга ўз тилакларини билдирди ва биргаликда суратга тушди.
Янгиланган «Турон» стадиони энди нафақат профессионал спорт, балки Қорақалпоғистон ёшларининг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва янги чемпионларни тарбиялаш учун муҳим маскан бўлиб хизмат қилади.


