30 август куни эрталаб соат 07:45 атрофида Жиззах вилоятининг Зафарабод туманида туман раҳбарияти иштирокида жиддий йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Туман ҳокимлиги расмий баёнотига кўра, туман ҳокими Ғ. Эшпулатов бошқарувидаги хизмат автомобили — KIA Seltos ўз ҳаракат йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. Шу пайт қарама-қарши йўналишда келаётган «МАЗ» русумли юк автомобили чапга бурилиш вақтида кутилмаганда қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига чиқиб кетган. Бунинг оқибатида транспорт воситалари кучли тўқнашган.
Ҳодиса натижасида туман ҳокими Ғ. Эшпулатов ва автомобил салонида бўлган вояга етмаган ўғли Ш. Эшпулатов турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Жабрланганлар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг реанимация бўлимига ётқизилган. Юк автомобили ҳайдовчиси эса ҳодиса оқибатида жароҳат олмаган.
Ҳодиса юзасидан 30 август куни Зафарабод тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ЙТҲнинг барча ҳолатларини ва унда иштирок этган шахсларнинг жавобгарлик даражасини аниқлаш мақсадида дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.


