Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2–8 август кунлари Остона шаҳрида ўтказилаётган III Халқаро сунъий интеллект олимпиадаси (IOAI)нинг очилиш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари ўз нутқида Қозоғистон рақамли тараққиёт йўлини стратегик танлаганини ва келгуси уч йил ичида тўлақонли рақамли давлатга айланишни мақсад қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва бизнесни ривожлантиришнинг асосий воситаларидан бири сифатида қаралмоқда.
Шунингдек, Тоқаев ўтган йили Пекин шаҳрида бўлиб ўтган сунъий интеллект олимпиадасида қозоғистонлик мактаб ўқувчилари учта олтин, битта кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритганини қайд этиб, иқтидорли ёшларни тайёрлаган устозларга миннатдорлик билдирди.
Жорий йилги Халқаро олимпиадада 106 давлатдан 500 нафардан ортиқ мактаб ўқувчиси иштирок этмоқда. Қатнашчилар сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиш ва автоном роботларни дастурлаш бўйича беллашмоқда.


