Тошкент, 31 июль 2026 й. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги фаолликни мунтазам равишда мониторинг қилиб боради.
2026 йилда кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли даражада ошди. Март ойидаги юқори кўрсаткичдан кейин апрель–май ойларида кузатилган тузатишдан сўнг, июнь ойида битимлар сони яна ўсиб, 2025 йил июнь ойига нисбатан 20,4 фоизга, 2024 йил июнь ойига нисбатан эса 24,9 фоизга юқори бўлди.
2026 йил июнь ойида кўчмас мулк бозоридаги фаоллик
Жорий йилнинг июнь ойида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 25 мингтадан ошиб, ўтган ойга нисбатан 23 фоизга кўпайди.
Фаолликнинг ўсиши республиканинг барча ҳудудларида битимлар сонининг ортиши билан кузатилди.
Жорий йилнинг май ойига нисбатан энг юқори ўсиш суръатлари Бухоро (50,1%), Навоий (41,5%) ва Самарқанд (31,8%) вилоятларида қайд этилди.
Нисбатан мўътадил ўсиш суръатлари Андижон (17,9%), Тошкент (12,2%) ва Хоразм (0,9%) вилоятларида кузатилди. Йиллик ҳисобда энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (35,7%), Сирдарё (26,9%) ва Навоий (26,3%) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (23,3%) қайд этилди.
Нисбатан мўътадил ўсиш Жиззах (5,7%), Фарғона (3,6%) ва Тошкент (3,3%) вилоятларида кузатилди.
2026 йил биринчи ярим йиллигида кўчмас мулк бозоридаги фаоллик
2026 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, кўчмас мулк олди-сотди битимлари умумий сони 171 мингтадан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,3 фоизга кўпайди. Абсолют ҳисобда ўсиш 34,5 мингта битимни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида
Таҳлил қилинган даврда республиканинг барча ҳудудларида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида (36,4%), Тошкент шаҳрида (34,9%) ва Навоий вилоятида (30%) қайд этилди.
Ўсиш суръатлари нисбатан мўътадил бўлган ҳудудлар қаторига Хоразм (16,7%), Бухоро (15,4%) ва Фарғона (12,1%) вилоятлари кирди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар сектори


