Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда, жумладан Бухоро вилоятида кузатилган чигирткаларнинг оммавий тўпланиши жамоатчилик эътиборини тортди. Мутасадди идоралар бу мавсумий маҳаллий миграция эканини, у қишлоқ хўжалиги экинлари ва ерларига зарар етказмаганини маълум қилди.
Шу билан бирга, бундай ҳолатлар чигирткаларни мунтазам кузатиш ва уларнинг турларини аниқлай оладиган, хавфни баҳолайдиган ҳамда тезкор чоралар кўрадиган малакали мутахассислар тайёрлаш муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.
Шу мақсадда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти (ИОПБ) Бухоро вилоятида чигирткалар ва чўл чигирткаларини, жумладан саксовул чигирткаси (Dericorys albidula)ни аниқлаш бўйича минтақавий ўқув машғулотини ўтказди.
Тренингда Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ўсимликларни ҳимоя қилиш ҳамда чигирткаларга қарши курашиш соҳасидаги мутахассислари иштирок этди. Тадбир ФАОнинг Кавказ ва Марказий Осиёда чигирткаларга қарши миллий ва минтақавий курашни такомиллаштириш дастури ҳамда ИОПБнинг трансчегаравий зараркунандаларга қарши кураш дастури доирасида, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тренингнинг асосий мақсади дала маълумотларини йиғиш ва таҳлил қилиш сифатини ошириш, прогнозлаш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, эрта огоҳлантириш ва тезкор жавоб бериш тизимларини такомиллаштиришдан иборат бўлди.
Дастур назарий машғулотлар, амалий дарслар ва дала тадқиқотларини ўз ичига олди. Иштирокчилар Бухоро вилоятининг Жондор, Пешку ва Ромитан туманларида кузатувлар ўтказиб, чигирткалар намуналарини тўплади. Бу уларга ҳашаротларни табиий муҳитда ўрганиш ва аниқлаш усулларини амалда қўллаш имконини берди.
Назарий машғулотларда Марказий Осиёда учрайдиган иқтисодий аҳамиятга эга чигиртка турларининг морфологияси, биологик ва экологик хусусиятлари, ривожланиш босқичларини аниқлаш усуллари ҳамда Dericorys туркумига мансуб турлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, намуналарни сақлаш, эталон коллекцияларини шакллантириш ва саксовул чигирткаси ҳамда бошқа чўл чигирткаларига қарши биологик кураш усуллари ўргатилди.
Тренингни ФАОнинг чигирткаларни бошқариш бўйича катта эксперти Александр Лачининский ҳамда Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти етакчи илмий ходими Фурқат Ғаппаров олиб борди.
Ўқув якунида иштирокчиларнинг чигирткалар турлари ва уларнинг ривожланиш босқичларини аниқлаш бўйича амалий кўникмалари баҳоланди. Шунингдек, олинган билим ва тажрибани миллий мониторинг тизимларида қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мутахассисларнинг малакасини ошириш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш орқали ФАО ҳамда унинг ҳамкорлари чигирткалар кўпайишининг оқибатларига қарши курашишдан кўра, хавфларни олдиндан бартараф этиш тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги экинлари ва яйловларни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ аҳолисининг турмуш манбаларини сақлаб қолишга хизмат қилади.


