2017–2025 йилларда Ўзбекистон қоғоз саноати

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
8,980участниковПодписаться
- Advertisement -

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон қоғоз саноатининг 2017–2025 йиллардаги ривожланиш динамикасига бағишланган шарҳ тайёрлади.

Қоғоз саноати қайта ишлаш саноатининг базавий тармоқларидан бири бўлиб, иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларини қадоқлаш, санитария-гигиена, полиграфия ва техник материаллар билан таъминлайди.

Электрон савдо, озиқ-овқат ва фармацевтика саноатининг ўсиши, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ҳамда пластик қадоқларнинг айрим турларини босқичма-босқич алмаштириш қоғоз, картон ва улардан тайёрланган маҳсулотларга барқарор талабни таъминламоқда.

Шу нуқтаи назардан, қоғоз саноатини ривожлантириш Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади. 2017–2025 йилларда тармоқ жадал миқдорий ўсиш босқичини босиб ўтди. Шу билан бирга, соҳада қатор муаммо ва чекловлар сақланиб қолмоқда.

Тармоқ ривожланишининг 2017–2025 йиллардаги асосий тенденциялари

2017–2025 йилларда Ўзбекистон қоғоз саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 2,4 бараварга ошиб, 10,2 трлн сўмга етди. Ўртача йиллик ўсиш қарийб 10,9 фоизни ташкил этиб, қайта ишлаш саноатининг ўртача ўсиш суръатидан 6,9 фоиз юқори бўлди. Кўриб чиқилаётган даврда тармоқнинг ЯИМдаги улуши 0,12 фоиздан 0,17 фоизгача ошди.

Тармоқ ишлаб чиқаришининг асосини гофрланган қоғоз ва картондан тайёрланган таралар, санитария-гигиена маҳсулотлари, ёғоч бўлмаган толали материаллардан олинадиган целлюлоза, салфетка ва сочиқлар, санитария-маиший қоғоз, целлюлоза пахтаси ҳамда целлюлоза толаларидан тайёрланган матолар ташкил этади.

Қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳудудий жиҳатдан юқори даражада жамланган. 2025 йилда ишлаб чиқаришнинг 44,7 фоизи Тошкент шаҳри26 фоизи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келди. Шундай қилиб, пойтахт агломерацияси тармоқ маҳсулотларининг 70,7 фоизини ишлаб чиқарди. Кейинги ўринларда Андижон вилояти 7,2 фоиз, Самарқанд вилояти 6,3 фоиз ва Фарғона вилояти 6,1 фоиз улуш билан қайд этилди.

Тармоқда инвестиция фаоллиги сезиларли даражада ошди. Асосий капиталга инвестициялар 2017 йилдаги 134 млрд сўмдан 2025 йилда 1,6 трлн сўмгача кўпайди. Фақат 2025 йилнинг ўзида инвестициялар 35 фоизга ошди. Хорижий инвестициялар ҳажми 89 млн долларга, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 61 млн долларга етди.

Фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 2016 йилдаги 1 мингтадан 2025 йилда 1,4 мингтагача кўпайди. Рўйхат бўйича банд бўлганлар сони 2017 йилдаги 7 минг нафардан 2024 йилда 13 минг нафаргача, яъни 84 фоизга ошди. Битта корхонада ишловчиларнинг ўртача сони 6,1 нафардан 9,7 нафаргача кўпайди. Бу ишлаб чиқариш корхоналарининг йириклашиб бораётганини кўрсатади, бироқ тармоқда ҳамон асосан кичик корхоналар фаолият юритмоқда.

Қоғоз саноати маҳсулотлари экспорти 2016 йилдаги 20 млн доллардан 2022 йилда рекорд даражадаги 130 млн долларгача ошди. Шундан сўнг экспорт ҳажми уч йил кетма-кет қисқариб, 2025 йилда 83 млн долларни ташкил этди. Бу 2016 йилдаги кўрсаткичдан 4 баравар юқори, бироқ 2022 йилдаги энг юқори даражадан 36 фоиз паст. Қисқариш, биринчи навбатда, 2022 йилга нисбатан пахта целлюлозаси экспортининг 18 фоизга, аёллар санитария-гигиена маҳсулотларининг 85 фоизга ва обойлар экспортининг 60 фоизга камайиши билан боғлиқ.

2025 йилда асосий экспорт бозорлари Қозоғистон, Тожикистон, Жанубий Корея, Озарбайжон ва Россия бўлди. Етакчи бешта йўналиш экспортнинг 52 фоизини, биринчи ўнталикка кирган Марказий Осиё мамлакатлари эса 40 фоизини ташкил этди. Шу тариқа, Марказий Осиё Ўзбекистон қоғоз маҳсулотлари экспортининг табиий асосий бозори бўлиб, етказиб бериш географияси нисбатан диверсификацияланган ҳолда сақланиб қолмоқда.

2016–2025 йилларда импорт 3,1 бараварга, яъни 179 млн доллардан 552 млн долларгача ошди. Йирик импорт позициялари қаторига санитария-гигиена маҳсулотлари, обойлар, кўп қатламли крафт-қоғоз ва картон, рулонлардаги қоғоз ва картон ҳамда бошқа маҳсулотлар киради. Асосий етказиб берувчилар Россия, Хитой, Туркия, Германия ва Қозоғистон бўлиб, улар ҳиссасига импортнинг 86 фоизи тўғри келади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон қоғоз маҳсулотларининг нетто-импортчиси ҳисобланади. 2025 йилда импорт экспортдан 6,7 баравар юқори бўлиб, ташқи савдонинг салбий сальдоси 469 млн долларни ташкил этди. Энг катта тақчиллик санитария-гигиена маҳсулотлари, обойлар, кўп қатламли крафт-қоғоз ва картон бўйича кузатилди.

Кейинги ривожланиш устуворликлари

Ишлаб чиқариш ҳажми бўйича қоғоз саноати Ўзбекистон саноатининг қатор алоҳида сегментлари, хусусан, тамаки, чарм-пойабзал, фармацевтика ва мебель саноатидан юқори кўрсаткичга эга. Тармоқ минтақавий миқёсда ҳам етакчи ўринни эгаллайди. 2025 йилда ишлаб чиқариш ҳажми доллар ҳисобида Ўзбекистонда 809 млн доллар, Қозоғистонда 327 млн доллар, Тожикистонда 26 млн доллар ва Қирғизистонда 18 млн доллар деб баҳоланган. Тармоқ алоҳида узоқ муддатли давлат сиёсати ва тизимли мувофиқлаштиришни талаб қиладиган даражага етган.

Сўнгги ўн йилликдаги жадал ўсишга қарамай, тармоқ қатор чеклов ва муаммоларга дуч келмоқда. Асосий фундаментал чеклов йирик ўрмон хомашё базасининг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Ўзбекистон ёғоч целлюлозаси ишлаб чиқариш ривожланган мамлакатлар моделини тўғридан-тўғри такрорлай олмайди. Шу нуқтаи назардан, рақобатбардош модель макулатурани қайта ишлаш, пахта линти ва иқтисодий жиҳатдан мақбул агротолалардан фойдаланишга асосланиши лозим. Шунингдек, макулатурани қабул қилиш, саралаш ва пресслаш пунктлари фаолиятини, тармоқ учун хомашёни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини тартибга солиш бўйича қўшимча чоралар кўриш мақсадга мувофиқ.

Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот турларини кенгайтириш учун макулатурадан тара картони ва тестлайнер, гофрлаш учун қоғоз, гофроқадоқ, санитария-гигиена қоғози, қоғоз қоплар, этикеткалар, озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотлари учун қадоқлар ишлаб чиқариш талаб юқори бўлган йўналишлар ҳисобланади. Ушбу маҳсулотлар импортининг юқорилиги ички бозорда талаб мавжудлигини кўрсатади.

Шу билан бирга, экспорт динамикасини, биринчи навбатда, тайёр маҳсулотлар ҳисобига тиклаш мақсадга мувофиқ. Қоғоз маҳсулотларига талаб ўсиб бораётган Марказий Осиё, Кавказ мамлакатлари ва Афғонистон истиқболли бозорлар бўлиб қолмоқда.

Хулоса

2017–2025 йилларда Ўзбекистон қоғоз саноати ишлаб чиқаришнинг юқорироқ даражасига чиқди. Бандлик ва корхоналар сони ошди, тармоқнинг қайта ишлаш саноатидаги ўрни кенгайди, янги ишлаб чиқариш қувватлари пайдо бўлди.

Шу билан бирга, сифат жиҳатидан трансформация жараёни ҳали якунланган эмас. Тармоқнинг кейинги ривожланиши иккиламчи ва маҳаллий толали хомашёни қайта ишлаш, картон, замонавий қадоқ ва тайёр қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича рақобатбардош комплексни ривожлантириш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларга йўналтирилган маҳаллий қўшилган қийматни оширишга қаратилиши лозим.

Руслан АбатуровИқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Қоровулбозордаги нефть омборида ёнғин содир бўлди

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги нефть маҳсулотларини сақлаш омборидаги резервуарлардан бирида ёнғин чиқди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса ҳақида хабар...

Больше похожих статей