Ижтимоий ҳимоя тизими муҳтож оилаларга фақат бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш билан чекланмайди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга комплекс ёндашув асосида кўмак берилади. Бу жараёнда, аввало, оиланинг ҳар бир аъзосининг эҳтиёжлари ўрганилади ва баҳоланади. Шундан кейин улар учун зарур ижтимоий хизматлар ташкил этилади ҳамда вазият барқарорлашгунга қадар ижтимоий ҳамроҳлик таъминланади.
Маълум қилинишича, агентлик томонидан тайёрланган видеоматериалда бир ижтимоий кейс мисолида мурожаатни қабул қилишдан тортиб, эҳтиёжларни баҳолаш, зарур хизматларни ташкил этиш ва оилани ижтимоий ҳамроҳлик қилишгача бўлган барча босқичлар ёритилган.
Мутахассислар фикрича, айрим ҳолатларда ўз вақтида қилинган битта мурожаат бутун бир оиланинг турмушини ижобий томонга ўзгартириши мумкин.
Шу муносабат билан аҳолидан ёрдамга муҳтож оилалар ҳақида маълумотга эга бўлган тақдирда, уларни яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига мурожаат қилиш тавсия этилмоқда. Марказ мутахассислари ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиб, зарур ижтимоий хизматлар ва қўллаб-қувватлаш чораларини ташкил этади.


