Андижон шаҳридаги 2-сон туғруқ мажмуасида аёл бир вақтнинг ўзида беш нафар фарзандни дунёга келтирди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
«Қайрағочтош» маҳалласида яшовчи аёл 6 июль куни туғруқхонага ётқизилган. Муддатидан олдин туғруқ бошлангани сабабли шифокорлар кесар кесиш амалиётини ўтказишга қарор қилди.
Амалиёт тажрибали акушер-гинекологлар, неонатологлар ва реаниматологлардан иборат жамоа томонидан муваффақиятли амалга оширилди. Натижада уч нафар қиз ва икки нафар ўғил чақалоқ дунёга келди.
Янги туғилган чақалоқларнинг вазни қуйидагича бўлди:
- биринчи қиз — 1450 грамм;
- биринчи ўғил — 1605 грамм;
- иккинчи қиз — 1495 грамм;
- иккинчи ўғил — 1585 грамм;
- учинчи қиз — 1205 грамм.
Туғруқдан сўнг она ва беш нафар чақалоқ Андижон вилояти Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалига ўтказилди. У ерда уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, она ва чақалоқларнинг аҳволи барқарор бўлиб, улар шифокорлар доимий назорати остида.

